Янгиликлар 3829
“Адолат” СДПнинг 25 йиллигига бағишланди
Саноқли кунлардан сўнг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топганлигининг 25 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан Наманган вилоятида ҳам қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Фаолларимиз иштирокида корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилаётган тадбирларда албатта, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этиш, демократияни янада мустаҳкамлаш, аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий онгини ўстириш ҳақида атрофлича фикр юритилмоқда.
Саидолим Абдураҳмонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси:
– Биз партиямиз ташкил топганлигига чорак аср тўлиши муносабати билан жойларда учрашув, давра суҳбати, семинар каби хилма-хил тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз. Улар “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини, сайловолди дастурини кенг тарғиб қилишда ҳам қўл келмоқда. Тадбирларда фаолларимиз, фахрийлар, “Ёш адолатчилар” ва “Аёллар қаноти” аъзолари, олимлар ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этмоқдалар.
Ана шундай учрашувлардан бири Наманган шаҳридаги 72-умумтаълим мактаби биносида бўлиб ўтди. Унда педагоглар, юқори синфлар ўқувчилари, шунингдек, шу атрофда жойлашган “Орзу” маҳалласи фуқаролари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда сиёсий партияларнинг фаолият кўрсатиши учун яратилган шарт-шароитлар, демократик асосларда ўтказилаётган сайловлар, янги Сайлов кодекси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Наманган давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди Бахтиёр Исҳоқовнинг маърузаси эса бевосита “Адолат” СДП тарихига бағишланди. Партиянинг ўтган чорак аср мобайнида босиб ўтган йили барчада катта қизиқиш уйғотди. У кейинги йилларда Ўзбекистондаги етакчи сиёсий кучлардан бирига айланганлиги қайд этилди.
– “Адолат”нинг номи ўзи жарангдор, юракка яқин - деди у - Боз устига дунёда бу тушунча ҳамиша башарият хоҳиш-иродасининг энг қиммат дурдонаси бўлиб келган. Шунинг учун одамлар ҳамиша адолатга интилиб яшайдилар. Мен ҳам мазкур партия ташкил топган дастлабки кунлардаёқ унинг сафларига кирганман.
Тадбир давомида “Адолат”ни мадҳ этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар янгради. Иқтидорли ўқувчилардан Ойшахон Позилова, Дилрабо Гайназарова, Раъно Мухсинова партиянинг атиргул тимсолидаги логотипини чизиш бўйича ўтказилган танловда ғолиб чиқишди. Уларга эсдалик совғалари топширилди.
Пировардида “Орзу” МФЙ қошида янги ташкил этилган бошланғич партия ташкилотининг тақдимотии ҳам бўлиб ўтди. Ўн бир нафар сафдошимизга партия билетлари топширилди. Шунингдек, ушбу тадбирни юқори савияда ўтказилишига яқиндан ёрдам берган 72-умумтаълим мактабининг директори Дилфуза Ғофурова, ўқитувчилар Аъзамжон Баҳриддинов, Мамлакат Бозоровага партия шаҳар Кенгашининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли
Фикрингизни қолдиринг