“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудова самарқандлик сайловчилар билан учрашди.

05.07.2023 17:07:53

Бугун “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудова Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани маданият саройида самарқандлик сайловчилар билан учрашди.

Унда нуронийлар, фаол ёшлар ва хотин-қизлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирни “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида кутилаётган муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг келгусида юртимиз равнақи ва фуқароларимиз фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятига атрофлича тўхталди.

Шундан сўнг, номзоднинг ишончли вакили Иномжон Қудратов томонидан сайловчиларга номзоднинг таржима-ҳоли ва фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида Президентликка номзод сўзга чиқиб, ўз Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар билан сайловчиларни яқиндан таништирди.

Таъкидланганидек, номзоднинг 9 та устувор йўналишдан иборат Сайловолди дастурида ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни ва миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасини барқарор ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир таклифлар илгари сурилмоқда.

Жумладан, номзод Дастурида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, бу борада, энг аввало, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, биз судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурмоқдамиз, — деди ўз нутқида Президентликка номзод Робахон Махмудова. — Ҳаммамизга маълумки, ҳозирда судьяларнинг ўз фаолияти юзасидан маҳаллий Кенгашларда мунтазам равишда ахборот бериш амалиёти мавжуд. Мазкур жараёнда судьялар чиқарган суд қарорлари, айрим пайтларда эса ҳали юритувда бўлган ва ниҳоясига етмаган ишлар бўйича ҳам савол-жавоб қилиш ҳоллари учрайди. Шунга кўра, биз судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяларнинг халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилиш таклифини илгари сурмоқдамиз.

Дастурда, шунингдек, мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида изчил ислоҳ қилиш, марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш таклифлари ҳам илгари сурилаётганлиги таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувларга барҳам бериш юзасидан аниқ таклифларнинг ўртага ташлангани иштирокчиларда номзод Дастурига нисбатан катта қизиқиш уйғотди.

Қолаверса, номзод Дастуридан ўрин олган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларга оид ғоя ва мақсадлар тадбир иштирокчиларининг эътибор марказида бўлди.

Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг Сайловолди дастури борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида сайловчиларни қизиқтирган саволларга бевосита Президентликка номзод томонидан батафсил жавоб берилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+