Адолат тарафдори биз билан

11.04.2022 13:04:23

Адолат курашчиси, буюк саркарда соҳибқирон Амир Темурнинг таваллуд куни муносабати билан «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши бошчилигида «Биз – Темурийлар авлодимиз!» мавзусида маданий тадбир ташкил этилди. Андижон давлат тиббиёт институтида ўтказилган мазкур тадбир ўзига хос байрамга айланди. Унда сўз олганлар Амир Темур ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан бири эканлиги, давлат бошқарувида ўзига хос йўл тутгани, айниқса доим адолат тарафдори бўлгани барчамиз учун ибрат мактаби эканлигини таъкидладилар. Унинг тарихини ўрганиш ёшларда ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

Саҳнада Амир Темур ва темурийлар сиймоси гавдаланди. «Адолатчи» ёшлар бир зум йиғилганларни тарих сари бошлади. Саҳна кўринишларида Амир Темурнинг миллий давлатчилик тарихи, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва бошқа соҳалардаги улкан мероси, темурийларнинг дунё тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ўз ифодасини топди. «Темур тузуклари» ва бошқа тарихий манбалар хусусидаги фикрлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Фаол иштирок этган ёшларга «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди. Асосийси, тадбир ёш авлоднинг тарихимизга оид билимини, улуғ бобомиз сиймосига ҳурмат-эҳтиромини янада юксалтирди.

Малохатхон Мусаева,

«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+