Адолат томирларини ёймоқ вазифаси

18.02.2021 19:02:20

Партиямиз 26 ёшга тўлди. Бу ёш жўшқин ҳаёт сари интилаётган мустақил қадамларнинг дебочасидир. Ҳақиқатнинг катта кичиги бўлмаганидек, партия бағридан чиқиб, бошқа жамоаларда ишлаётган кадрлар бугун салоҳияти ва тажрибаси билан катта ҳурмат қозонишга улгурган. Жумладан, Дилором Тошмухаммедова, Муҳаррам Дадаходжаева, Фарход Ишанқулов, Илёс Саҳатов, Муҳаммаджон Жўраев, Феруз Жўраев, Элёр Исмоилов, Баҳром Бурхониддинов, Фаррух Абдуҳамидов – уларнинг номларини узоқ давом эттириш мумкин. Бу каби кадрлар партиянинг мустаҳкам қанотларидир. Келажакда улар ўзлари каби адолатли, ҳалол шогирдлар етиштиришларидан умидларимиз катта.

Кўпчилик берадиган бир савол бор. Партияда ойлик маоши кам бўлса ҳам нега ходимлар ишидан мамнун, бошқа ишга ўтишмайди? Бугун бир оилага бирлашиб, жамоада елиб-югуриб ишлаётган партия ходимларини ҳаётдан рози қилаётган, ушлаб турган нарса бу – адолатли жамият қуришдаги иштироки, ҳақиқат йўлига даҳлдорлик туйғусидир.

Шу ўринда Сизга бир нарсани айтиб ўтишим керак. Мен бугун бошқа жамоадаман. Нега? Моддий манфаатдорлик учун эмас, шукрки, бир аёлга неки зарур бўлса партияда ҳалол меҳнатим билан топганим рўзғоримни бут қилди. Аслида, мен кириб келган катта жамоани ўзимнинг кичик жамоамга – партиямга оғдириш, ғояларимиз ортидан эргаштириш, сафимизни кенгайтириш мақсадида шу қарорни қабул қилдим. Янги сафдошларимизга сайловларда кураш завқини, мағлубиятнинг қайта куч берувчи аламини, адолатчи бўлиш бахтини илиндим ва ҳозирда шунинг ҳаракатидаман. Баъзида мени “Адолатхон” деб чақиришади. Бунинг завқини билсангиз эди...

Хўш, Сизга партиямнинг 26 йиллиги олдидан нега буларни айтиб ўтдим? Сабаби, 26 ёшга тўлган бир инсон ота-онасидан оиласидан ниманики олиши зарур бўлса, бугун биз адолатчилар партиядан ўзимиз учун зарур тажрибани олиб бўлдик. Энг муҳими, энди буларни қайтариш пайти келди. Дарахт илдиз отгани сари улуғвор бўлгани каби партиядан ўсиб чиқаётган кадрларнинг олдида ёзилмаган, лекин юрагининг бир четида ёниб, тинчлик бермайдиган вазифаси бўлиши лозим. Бу албатта - адолат томирларини ёймоқ, сафдошларимизни кенгайтирмоқ вазифасидир. Бунинг учун партияга бориб ишлаш шарт эмас, унинг аъзоси сифатида ҳар қадамида адолатлилик тамойиллари учун курашмоқлик, ҳақиқат йўлида собит турмоқликнинг ўзи кифоядир.

Барча адолатчиларимизни партиянинг таваллуд байрами билан қизғин табриклайман!

 

Комила ИСРАИЛОВА,

Фарғона давлат университети ходими,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+