Янгиликлар 644
«Адолатчи» аёл маҳаллада тикувчилик маркази очди
Хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга Андижон вилоятида эътибор кучайиб бормоқда. Уларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида хайрли ишлар кенг қулоч ёймоқда.
Тегишли дастурлар доирасида Избоскан туманидаги Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, миллий ҳунармандчиликни рағбатлантириш, аҳоли ва айниқса, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида ўзига хос мактаб яратилган.. Яқинда аҳоли зич мазкур ҳудудда эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида миллий ва замонавий либослар тикувчилик маркази иш бошлади.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Избоскан туман кенгаши фаоли,тайинли иш жойига эга бўлмаган уй бекаси Гуллолахон Тоҳирова МФЙ фаоллари кўмагида аҳолига қулайлик яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ҳамда мижозлар истакларини эътиборга олиб ушбу хайрли ишга қўл урди. Пировардида ўзи ва бир неча хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. «Устоз-шогирд» анъанаси йўлга қўйилди. Мўъжазгина тикув хонаси фойесидаги миллий матолар кўргазмаси мижозларга мавсумбоп, арзон ва сифатли материалларни танлаш ва шу ернинг ўзида исталган фасондаги либосга буюртма бериш имконини бермоқда.
Буюртмаларининг қўли гул чеварлар томонидан замонавий тикув дастгоҳларида тез ва бежирим, арзон нархда тайёрлаётганлиги мижозларни мамнун этяпти.
-Президентимизнинг хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, қолаверса миллий ҳунармандчиликни ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги қарор ва кўрсатмалари мен каби қишлоқ аёлларига ҳам руҳий, ҳам ҳуқуқий мадад бермоқда,- дейди якка тартибдаги тадбиркор, малакали чевар Г. Тоҳирова. — Келгусида болаларбоп миллий либослар тикишни ҳам йўлга қўйиб, ички бозорга олиб чиқишни ният қиляпмиз.
Дилфуза Аҳмедова,
«Адолат» СДП
Избоскан туман кенгаши раиси.
Фикрингизни қолдиринг