"Адолатчи" номзодларнинг Cайловолди дастурлари кенг жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланяпти

23.09.2024 16:09:18

Жорий йилнинг 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари тобора фаоллашиб бормоқда. Ушбу жараён нафақат сиёсий партиялар учун, балки сайловчиларнинг ўзлари учун ҳам муҳим синов даври бўлиб, аҳолининг сиёсий онгини ошириш, уларда сайловга нисбатан ишончни кучайтириш билан бирга, жамиятда очиқ мулоқот муҳитини яратишга ҳам хизмат қиляпти.

Хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалида 59-Хоразм сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига номзод Умида Палванова, 3-“Навбаҳор” сайлов округидан вилоят Кенгашига номзод Зоиржон Атаджанов ҳамда 17-“Камолот” сайлов округидан Урганч шаҳар Кенгашига номзод Ғайратбек Шокировларнинг сайловчилар билан учрашуви ўтказилди. Бу учрашув ўзининг самарадорлиги ва мазмунан бойлиги билан ажралиб турди.

Учрашувда дастлаб иштирокчиларга янги сайлов тизими ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Янги тизимнинг афзалликлари, шаффофликни таъминлашга қаратилган механизмлар тушунтирилди. Шундан сўнг ҳар бир номзоднинг таржимаи ҳоли ва уларнинг сайловолди дастурлари батафсил таништирилди. Қайд этиш ўринлики, номзодларнинг сайловолди дастурлари асосан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш шароитларини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, бандликни ошириш ва турли ижтимоий-иқтисодий муаммоларни қонуний йўллар билан бартараф этишга қаратилган.

Ҳар бир номзод ўз дастурида мамлакатимизда долзарб бўлган муаммоларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурди. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий хизматнинг сифатини ошириш, қишлоқ жойларида тиббий хизматга эришиш имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар назарда тутилган. Номзодлар томонидан айтилган дастурлар нафақат муаммоларни ҳал қилишни, балки мамлакатимизда яшаш шароитларини тубдан яхшилашни кўзда тутади. Сайловчилар томонидан бу дастурлар кенг эътироф этилиб, улар номзодларга ўз ишончларини билдиришди.

Учрашув иштирокчиларининг билдиришича, номзодлар томонидан кўтарилган масалалар жуда долзарб ва халқнинг талабларига мос келади. Бу сайловчиларни сайлов жараёнида фаол иштирок этишга ундайди. "Камолот" маҳалла фуқаролар йиғини фаоли, меҳнат фахрийси Маткарим Аллаберганов  ўз фикрини билдирар экан, партия томонидан ўтган беш йил давомида амалга оширилган ишларни юқори баҳолади. Айниқса, маҳалланинг ички йўлларини таъмирлаш масаласида партия депутатларининг қўшган ҳиссаси катта эканлигини таъкидлади.

Мазкур учрашув сайловлар олдидан жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди ва номзодларнинг дастурлари билан яқиндан танишиш имконини берди. Сайловчилар учрашувдан мамнун бўлишди ва бундай тадбирлар орқали сайлов жараёнининг муҳимлиги янада теран англанаётганини қайд этишди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган бу тадбирда сайловчилар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлдилар. Ҳар бир сайловчи учрашув давомида нафақат номзодларнинг сиёсий мақсадлари билан танишди, балки ўз ҳудудининг долзарб муаммолари ҳақида ҳам фикр алмашди.

Номзодлар билан учрашувлар давом этмоқда ва кейинги ҳафтада яна бир қанча тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу учрашувлар аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, уларда сайлов жараёнига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

 

 

Замира АБДУЛЛАЕВА, 

"Адолат" СДП 

Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+