Адолатли қабул ёшларни ғолиблар сафига етаклайди

15.03.2021 10:03:27

Бугун биз кўп бора мактабларни тубдан ислоҳ қилиш ёшларга қулай имкониятларни яратиш, замонавий таълим даргоҳларини барпо этиш борасида фикр ва мулоҳазаларни билдириб келмоқдамиз. Шу ўринда айтиш жоизки, Республикамизнинг барча мактабларида бу борада самарали ишлар йўлга ҳам қўйилган. Муҳтарам юртбошимиз 2020 йилнинг 30 сентябр куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида айнан Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги “Халқаро математика мактаби”нинг фаолиятини Республикамиздаги барча халқ таълими ходимлари тажриба асосида ўрганиши таклифини берган эдилар.   

Ушбу таклиф беҳудага берилмади. Мактаб биноси бугун биз танқид қилаётган мактаблардан кам эмас, замон талабига жавоб берадиган жиҳозлар билан таъминланмаган, аммо ўқувчиларнинг билимга чанқоқлиги ҳамда ўқитувчиларнинг ўз масулиятини  ҳис қилган ҳолда аҳиллиги бугун бу масканда таҳсил олаётган ўқувчи ёшларни жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллашига сабаб бўлмоқда.  Бир бинонинг ижарасида турадиган  ушбу мактаб ўқувчилари учун замонавий бино қад ростламоқда,  аммо ўқувчилар бир дақиқа бўлсада билим олишдан тўхташгани йўқ. 

Жорий йилнинг  13-14 март кунлари Қўқон давлат унверситети ташаббуси билан “Қўқон олимпиадаси” ташкил этилди. Ушбу олимпиадада  Бухородан  17 нафар ўқувчи ёшлар иштирок этди. Эътироф этиш жоизки, икки босқичда ўтган олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, Қоракўл Халқаро математика мактаби ўқувчилари  яна юқори кўрсатгичларни қайд этди ва Нексия автомашинаси билан тақдирланди. Мактаб директори Темир Рўзиев “Билим олиш учун фақатгина интилиш, тўғри тарбия ва устозларнинг садоқатли меҳнати етарли бизни мактабимизда мана шундай садоқатли устозлар дарс беради. Мактабимизни энг катта ютуғи адолатли қабулда деб биламан. Халқаро математика мактабининг ўқитувчилари ҳам каррупсиясиз ҳаётни танлашади ва бор билимини ўқувчисига беришга интилади  эвазига  эса ўқувчиларимиз юқори чўққиларни эгаллашади” - дейди.   Қарангки, ёшларимиз юқори маррани эгаллаши учун  кўп нарса шарт эмас экан. Мендаги хулоса шундай, ёшларнинг интилиши ва садоқатли ўқитувчининг меҳнати Янги Ўзбекистоннинг муносиб ворисларини тарбиялашда асосий куч бўла олади.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши раиси,

 Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

      

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+