Янгиликлар 1803
“Адолатли қайнона”лар аниқланди
Жорий йилнинг 24-26-июнь кунлари Нукус тумани, Тахтакўпир, Мўйноқ ва Амударё тумани Кенгашлари томонидан «Адолатли қайнона» кўрик-танловининг туман босқичилари бўлиб ўтди. Мазкур танловни ташкил этишда партия туман Кенгаши, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Нуронийлар жамоатчилик Кенгашлари билан яқиндан ҳамкорлик амалга оширилди.
Танловни ўтказишда туман миқёсида намунали, маҳалласида обрў-эътиборга эга, ҳаётий тажрибага бой бўлган, ўз оилаларида миллий қадриятларни шакллантира олган ва бошқа оилаларга намуна кўзгуси бўла оладиган «Адолатли қайнона»лар иштирок этишди.
Иштирокчилар кўрик-танлов давомида оила мустаҳкамлиги, қайноналарнинг келин ва куёвларига бўлган муносабати, урф-одат ва миллий анъаналари доирасида учта шарт бўйича беллашдилар.
Танлов натижаларига кўра, Нукус тумани «Тақыркөл» ОФЙдан Айгул Нартаева, Тахтакўпир тумани «Айдынжол» МФЙдан Жупархан Мухамматдинова, Мўйноқ тумани «Дослык» МФЙдан Айгул Елмуратова, Амударё тумани «Кличбой» ОФЙдан Санамжон Нажмаддиновалар эътирофли 1-ўринни эгаллаб Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Кўрик-танлов якунида мазкур танловни ўтказишда яқиндан ёрдам берган ва иштирок этган барча қатнашчиларга ташаккур билдирилиб, партия ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бахадыр ЖУЗБАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг