Янгиликлар 1939
“Адолатли қайнона”лар – ҳаловат ва хотиржамлик элчилари
Куни кеча партиянинг Олмалиқ шаҳар, Бекобод, Янгийўл туман Кенгашлари томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-кувватлаш бўлими, Нуронийлар жамоатчилик Кенгашлари билан ҳамкорликда анъанага айланиб, мунтазам ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари юксак савияда бўлиб ўтди.
Унда партиямизга аъзо бўлган фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсатган юксак эътибор ва обрўга эга бўлган онахонлар, партия, туман фаоллари, фахрийлари, депутатлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Танловда оила тарбиясида адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг уйғунлашувини таъминлаш, никоҳнинг муқаддаслигини ёшларга сингдириш оила анъаналарини эхтиётлаш бу борада аждодларимиз меросини чуқур ва изчил оммалаштиришга кенг эътибор қаратилди.
Холиса Каримова, Олмалиқ шаҳар иштирокчиси, 1-ўрин соҳибаси:
–Бундай тадбирлар жамиятимизда мустаҳкам оилалар сонининг кўпайишида, никоҳнинг муқаддаслигини ёшларимиз онгига сингдиришда, ажримларнинг олдини олишда, қайнона-келин муносабатларини тўғри йўналтиришда катта аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга ҳаётий тажрибаларимиз билан бир қаторда сиёсий билимларимизни ҳам ошириш ўринлидир.
Ушбу танловнинг ташкил этилиши адолатли қайноналар орасида энг билимдон, зукко ва фаолларини танлаш, уларни янги-янги истиқболли режалар сари йўналтиришда муҳим омил бўлиши таъкидланди.
Тожихон Шамсиддинова Бекобод тумани иштирокчиси 1-ўрин соҳибаси:
–Бизнинг анъаналаримизнинг қиёси-ю, улуғворлиги ҳеч бир юртда топилмайди. Иштирокчилар белгиланган шартлар асосида ўзларининг билим ва маҳоратларини намоён этишди.
Ҳаёт йўлларини намуна сифатида кўрсата олган нуроний онахонларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг