Янгиликлар 1970
Адолатли қайноналар беллашди
Халқимизда қайнона қайнамаса, келин айнимайди деган нақл бор. Дарҳақиқат, оиланинг жипслиги, мустаҳкамлиги, келинларнинг янги хонадонга мослашуви кўп жиҳатдан қайноналарга боғлиқ. Янги оилалар вужудга келар экан, баъзан низо чиқмайдиган хонадоннинг ўзи йўқ. Уларни муросага келтирадиган, аҳилликларини таъминлайдиган шахс – бу қайнонадир. Юртимизда шундай мураккаб вазифани моҳирона адо этиб, ёшлар тотувлигига эришаётган аёлларимиз жуда кўп.
Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан шуларни аниқлаш, одилона тутумларини бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш, ёш қайноналарни улардан ибрат олишларига эришиш орқали барча оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларни кескин камайтиришга ҳисса қўшиш мақсадида “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Ўтиб бораётган ҳафтада маҳаллалар кесимида ташкил этилган ушбу танловнинг Наманган шаҳар босқичи якунига етди. Унда кўплаб маҳаллалардан саралаб олинган қайноналар иштирок этиб, ғолиблик учун беллашдилар.
Тадбир давомида қатнашчилар танлов шартларидан бири таништирув қисмида ўзлари ҳақида гапириб, эришган ютуқларини кўрсатишган бўлса, “Қайнона сабоқлари” шартида адолатли қайнона бўлиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ташкилотчилар томонидан тайёрланган саволларга жавоб бериш баробарида эса оиладаги муаммоли вазиятлардан қандай чиқиш борасидаги фикрлари билан бахслашдилар. Шунингдек сиёсий мавзудаги саволларга жавоб беришлари билан бошқаларни ҳам бу борадаги билимларини мустаҳкамланишига сабаб бўлдилар.
Эркин мавзудаги чиқишлари эса кечага ажойиб шукух бағишлади, десак сира муболаға эмас. Боиси онахонлардан бири мароқ билан алла айтган бўлса, бошқаси халқ термаларидан куйлади, айримлари даврада хиром айлаб маҳоратларини кўрсатишди.
Тадбир сўнгида ғолиблар биринчи, иккинчи, учинчи даражали диплом ва барча иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мирзараҳмат ОЛИМОВ,
Ўзбекистон "Адолат" СДП
Наманган шаҳар Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг