Ахборот танқислиги – муаммога бош сабаб

07.09.2021 15:09:05

Мана, бир неча ойдирки, мамлакатимизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари давом этмоқда. Кейинги пайтда вакцинациялаш миқёслари ва суръатлари кескин ошди. Бугунги кунда кўпчилик бу усул ҳозирги пайтда хавфли касалликнинг олдини олишда қўлланилаётган энг таъсирчан чора эканлигини тушуниб етмоқда. Лекин айрим одамларда иккиланиш ёки ишонмаслик кайфияти мавжудлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда мамлакатимизга вакциналарнинг катта туркуми келтирилганлиги тўғрисида хабар тарқатилди. Унда айтилишича, яқин кунларда Ўзбекистон яна тўрт ярим миллион доза ZF-UZ-VAC2001 эмлаш воситаси етказиб берилади. Ҳозиргача эса  жами 19 миллион 446 минг 540 доза вакцина олиб келинган. Албатта, бунга осонликча эришилгани йўқ. Ҳукумат томонидан кўп саъй-ҳаракатлар бўлди, катта миқдорда маблағ ҳам сарфланди.

Лекин ҳар сафаргидай, мазкур хабарга интернет фойдаланувчилари томонидан берилган шарҳларда хилма-хил фикрлар билдирилган. Улар орасида ҳатто Хитой ўз вакциналарини ўзбекистонликларда синовдан ўтказмоқда, деган иддаолар ҳам бор. Ҳатто эмлаш оқибатида одамлар ҳалок бўлмоқда, қабилидаги гаплар ҳам йўқ эмас. Тўғри, сўз эркинлиги шароитида ҳар ким ҳар нарса дейиши мумкин. Бироқ қуюшқондан батамом чиқиб кетиб, асоссиз ва далил-исботсиз маълумотларни тарқатиш инсофдан чиқиш ҳисобланади.

Ўз-ўзидан савол туғилади: нега шундай ҳолат юз бермоқда. Бизнингча, бунинг сабаби – аҳолининг етарли миқдорда ахборотга эга бўлмаганлиги. Бу, шу масалага масъул вазирлик ва идораларнинг сучткашлиги натижасидир. Республика коронавирусга қарши курашиш штаби эса бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг уддасидан чиқа олмади. Вакцина ҳақида маълум миқдорда ахборот радио, телевидение, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритилган. Аммо уларнинг аксарияти саёз ва юзаки ёзилган, ишончли фактлар билан бойитилмаган. Мазкур ишга тажрибали мутахассисларни ва қалами ўткир журналистларни жалб қилиш керак эди. Вакциналарнинг аҳамияти, уларнинг яратилиш тарихи, ҳозирги ҳолати – ҳамма-ҳаммаси ҳақида маълумотлар халққа етказилиши керак эди. Афсуски, бу ҳақда вақтида ҳеч ким ўйлаб кўрмагани энди панд бермоқда.

Бир неча кун аввал “Халқ сўзи” газетаси сайтида АОКАда ўтказилган брифингда коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева вакцинадан кейинги ножўя таъсирлар ёки ўлим ҳолати кузатилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида келтирган маълумотлар баён этилди. Қисқа, лўнда ва тушунарли. Унда жумладан, шундай дейилган; «Вакцинадан кейин ножўя таъсирлар ёки ўлим ҳолати кузатилиши мумкин, бу ҳақда вакцина ишлаб чиқувчилар томонидан йўриқномада ёзилган. Бироқ вакцинадан сўнг кузатиладиган ўлим ҳолати вакцина олгандан кейинги 1 соат оралиғида кузатилиши мумкин. Ўтиб кетувчи ножўя таъсирлар эса, вакцина олгандан кейинги 3 кун давомида кузатилиши мумкин, лекин улар кейин ўтиб кетади. Шуни унутмаслик керакки, бундай ҳолатлар инсон организмининг индивидуал хусусиятидан келиб чиқиб кузатилади. Турли ножўя оқибатлар келиб чиқмаслиги учун вакцина олгандан кейинги кунларда ўз саломатлигингизни муҳофаза қилинг».

Шу ўринда бу мавзудаги чиқишлар вакцинациялашни бошлашдан аввал берилиши кераклигини таъкидлаш лозим. Ҳозир ҳам кеч эмас, мазкур маълумотлар қанча кўп кишига етиб борса, шунча яхши. Эмлаш жараёнларида узилишларга йўл қўймаслик ҳам муҳим аҳамиятга эгалигини унутмаслик зарур. Шу йўл билан эпидемиологик вазиятни барқарорлаштиришга эришиш мумкин.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+