Янгиликлар 3064
Аҳиллигимизга кўз тегмасин!
Бугун бир гуруҳ дўстларимиз билан эрта тонгдан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманига йўл олдик. Ўзимиз билан талофат кўрган аҳоли бирламчи эҳтиёжлари учун зарур бўлган, саҳоватпеша инсонлар томонидан ажратилган, умумий қиймати 17 миллион сўмлик кийим-кечак, кўрпа-тўшак, чойшаблар, ювиниш ва гигиена воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар учун ўйинчоқлар ва китобларни етказиб беришни мақсад қилдик.
Сирдарё вилоятига йўл олар эканмиз, радиоэфир орқали Қорақалпоғистон Республикаси ва турли вилоятларнинг маҳаллий кенгашлари томонидан ажратилаётган пул маблағлари тўғрисидаги хабарларни эшитиб хурсанд бўлдик.
Мирзаобод туманига етиб келиб, у ердаги коллежлардан бирига вақтинча жойлаштирилган маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашдик. Маҳалла раиси бизнинг ташрифимиздан жуда ҳам миннатдорлигини айтиб, кўзларига ёш ҳам келди. Сўнгра олиб келинган нарсаларни маҳалла раиси бошчилигида аҳоли вакилларига тарқатиб берилди.
Коллеж ҳовлисида ўриндиқда хаёл суриб ўз навбатини кутаётган ўрта ёшли киши негадир диққатимни тортди. У билан суҳбатлашгим келди. Исми Ойбек экан. Ундан ўша кунги фожеадан қай тарзда хабар топгани, оила аъзолари, ҳозирги шароитлар, умуман сўнгги кунларда юз бераётган воқеаларга муносабати қандай эканлигини, қандай ёрдам кераклигини, нималар ташвишга солаётганини сўрадим. 1 май куни эрта тонгда чорва ҳайвонларини умумий подага топшираётганида қўни-қўшнилари орқали машъум ҳодиса юз бергани хақида хабар топганини айтиб ўтди. Суҳбатдошим ўзи ва оила аъзолари соғ-саломат эканликларини, шу ерга яқин бўлган бинога жойлашганларини айтиб, эътибор учун миннатдорчилик билдирди. Фақатгина уй-жойининг ҳозир қай аҳволда эканлигини билолмай ташвишда эканини билдирди. Ёши катта онаси вазиятни тез орада ўз изига тушиб кетишини сўраб Яратганга илтижо қилиб дуо қилаётгани айтиб берди. Ойбек ака билан телефон рақамларини алмашиб хайрлашдим.
Тушдан сўнг гуруҳимиз билан пойтахт томон йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай Сирдарё вилояти томон йўлга чиққан, ҳар бирида бир нечта каттаю-кичик юк машиналаридан иборат бўлган авто-карвонларни кўриб халқимизнинг нақадар саховатпеша эканлигига тасанно айтдим. Бўлиб ўтган ҳодисаларга бефарқ қараб турмай, синовли кунларда Сирдарёликларни қўллаб-қувватлаб, беғараз тарзда уюштирилаётган ёрдамни кўриб кўнглим кўтарилди.
Ўтган асрда халқимиз бошидан ўтказган турли ташвишли вазиятларда халқнинг жипслиги, матонати хақида кўплаб китоблар битилган, кино ва спектакьллар яратилган. Бугунги кунда халқ дардига малҳам бўлаётган саховатгўйларни ҳам тарих унутмайди, деб ўйлайман.
Биз бошимизга ташвиш тушганда қисқа вақт орасида бирлаша олишимиз, ҳеч ким эътиборсиз ўз ҳолига ташлаб қуйилмаслигини исботладик, қийин вазиятларда якдиллик билан бир-биримизга ёрдам қўлини узата олар эканмиз. Ота-боболаримиз каби биз ҳам турли қийинчиликларда қаршисида жипслашиб, иноқ аҳил бўлиб, турли ташвишларни биргаликда енга олишимизга гувоҳ бўлдим.
Ишонаманки, яқин кунларда барчамиз ҳамжиҳатликда сирдарёликларни яшаш жойларини тиклашда ҳам фаол қатнашамиз. Айниқса катта тажрибали қурилиш корхоналари бу борада ўз ташаббуслари билан чиқишларини кутиб қоламиз. Сирдарёда аввалгидан ҳам кўркам ва обод маҳаллалар, турар жойлар, мактаблар, турли иншоотлар, уйлар барпо этилади. Улар табиат инжиқликлари бардош бера оладиган, турли таъсирлар остида шикаст етмайдигана даражада мустаҳкам бўлиши керак.
Баҳор ҳавоси тез ўзгарувчин бўлади. Пойтахтга қайтар эканмиз, кучли ёмғир остида қолдик, шаҳарга яқинлашаётганимизда ёмғир тиниб яна қуёш чарақлай бошлади. Осмонда камалакнинг ранглари жилоланди. Сўнгги кунларда халқимиз бошиги тушган коронавирус пандемияси, Бухородаги табиий офат, Сирдарёдаги сув тошқини каби синовлар баҳор ёмғири каби ўтиб кетишига, эртага серқуёш ўлкамизда чарақлаб чиққан офтоб мисол яна чароғон кунлар келишига ишонч ортди.
Муҳаммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг