Аҳоли билан мулоқот самарали натижа бермоқда

01.04.2021 17:04:37

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зухра Ибрагимова халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш мақсадида Элликқалъа туманига ташриф буюрди.

Элликқалъа тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари С. Авезов раҳбарлигида, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати З.Ибрагимова иштирокида “Қизилқум” овул фуқаролар йиғинида жойлашган 20-сонли умумтаълим мактаби биносида туман сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан биргаликда “Қизилқум” ва “Гулистон” овуллари ёшлари билан учрашув ҳамда ҳудуд аҳолиси учун оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Очиқ мулоқот тарзида кечган учрашувда туман ҳокими туманнинг ижтимоий иқтисодий ҳаётига оид режалари ҳамда ёшлар ҳаётига оид муаммолар хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати З.Ибрагимова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан муҳокама этилаётган янги қонунлар ҳақида сўзлаб бериб, одамларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Самимий руҳда кечган тадбирда ёшларни қизиқтирган саволларига туман ҳокими ва депутат томонидан  атрофлича жавоб берилди ва мутассадди раҳбарларга тегишли вазифалар белгиланди.

Депутат тумандаги “Элликқальа”, “Гулдурсун”, “Қизилқум”,”Гулистон”, “Оқ олтин”, “Қирққиз”, овул фуқаролар йиғинлари  “Абай” маҳалла фуқаролар йиғинларида  бўлиб ҳудуд фуқаролари билан учрашувлар ўтказди.

Мулоқотлар чоғида фуқаролардан йўл қурилиши, газ ва энергия тақчиллиги, мактабгача таълим ташкилоти, умумтаълим мактаб фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича бир қатор мурожаатлар келиб тушди.

Депутат барчасини таҳлил қилиб, бу масалаларни тегишли идоралар ёрдамида ҳал этишини маълум қилди.

Шундан сўнг депутат маҳалладаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ушбу дафтарлардан чиқариш бўйича субсидия асосида қуриб берилган иссиқхона фаолияти, ажратиб берилаётган ерлардан фойдаланиш ҳолати ўрганиб чиқилди. Бу ерда ишлаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Шунингдек, депутат маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оила Умида Эгамбердиева  хонадонида бўлиб, “Ёшлар дафтари”га киритилган Ширин Исмаилова ва Мияссар Бекчанова билан суҳбат қурди. Уларнинг қизиқишларини ўрганди. Шу куннинг ўзида маҳалладаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг турмуш шароити билан танишиб чиқилди, муаммолар очиқ гапирилди. Кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва совға-саломлар топширилди.

Учрашув сўнгида Элликқалъа тумани 1-сектор раҳбари С.Авезов ташаббуси билан “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш борасида фаоллик кўрсатган “Қизилқум”, “Гулистон” овуллари, “Оқ олтин” ва “Янги Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалари бўйича ўринбосарларини рағбатлантириш мақсадида компьютер жамланмалари совға қилинди.

Умуман олганда депутат Элликқальа сайлов  округида 27-31 март кунлари аҳоли ва жамоатчилик билан учрашувлари давомида бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг самараси ҳақида маълумотлар бериб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди ва назоратга олинди.

Депутатнинг мулоқотлари давом этмоқда.

 

Ҳикматулла САЪДУЛЛАЕВ,

ижрочи котиб

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+