Аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшаётган депутат

10.06.2024 11:06:45

Депутатдан халқнинг умиди катта. Чунки жойларда ҳали ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Руиддин Рауповнинг ўз сайлов округидаги халқ орасида тез-тез бўлиб, очиқ мулоқот орқали  камчиликларга ечим топишга ҳаракат қилиши ҳам шундан.

-Айни пайтда депутатларимиз ва партия ташкилотларимиз  масъуллари асосий эътиборни халқ билан мулоқот қилишга қаратмоқда,-дейди Руиддин Раупов.-Аҳоли билан очиқ мулоқот, вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари қошида очилган  “Адолат қабулхонаси”  ишини янада яхшилаш, жойларда партиямиз фаоллари  ва депутатларимизнинг  сайёр қабулларга чиқиши биринчи  галдаги вазифа қилиб белгиланди.

Дарҳақиқат, сиёсий партиялардан сайланган депутатлар зиммасида жуда катта масъулият бор. Шуни ҳисобга олган депутат Руиддин Раупов  жорий йилнинг апрель  ойидаги  ўрганишларни Қарши шаҳридаги Темир йўлчилар маҳалласидан бошлади. Мутасаддилар ҳамроҳлигида жойлардаги мавжуд аҳвол  пиёда юриб ўрганилди. Аниқланган масала борки, жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Депутат Қарши шаҳридаги Темир йўлчилар маҳалла   аҳолиси билан юзма-юз мулоқот қилганида,  фуқаролар томонидан ҳал қилиниши зарур бўлган  муҳим масалалар ўртага ташланди.  Дарвоқе, жорий йилнинг ўтган ойи давомида Руиддин Раупов  аҳоли мурожаатлари асосида  турли идораларга 45 та депутатлик сўровини  юборди. Айни пайтда  маҳалланинг 5 километрлик  ички йўлларини асфальт қилиш, 3 та трансформатор, 50 та электр сим ёғочлар ўрнатиш ишлари жадал  давом эттириляпти. Депутат  саъй-ҳаракати билан аҳоли талаби асосида 300 дан ортиқ хонадондаги  табиий газ таъминоти яхшилаб берилди. Маҳаллада  спорт майдончаси  қурилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 5 минг тупдан ортиқ  мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Маҳалладаги 26 нафар хотин-қизга 26 та тикув машинаси олиб берилди. Руиддин Раупов ташаббуси билан  “Темир дафтар” да рўйхатда турган 10 нафар ногирон,  ўзгалар ёрдамига муҳтож кишиларга доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда.

“Адолат” СДП фаоллари  ва депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокида  2024 йил март ойида Қарши шаҳридаги умумтаълим мактабларида  партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!”  лойиҳаси доирасида ўрганишлар  олиб борилган эди. Шунга асосан  ўрганишларда санитария-гигиена талаблари бузилаётгани,  таълим муассасаларида дарс  сифати ва самарадорлигига  эришиш учун зарур ўқув  жиҳозлари  етишмаслиги,  тиббий хизмат талабга жавоб бермаётгани ва бошқа камчиликлар аниқланиб, мазкур масала вилоят Кенгашининг  2024 йил 10 апрелдаги  сессиясига киритилган эди. Айни пайтда сессияда “Адолатчи” депутатлар киритган масала юзасидан  қабул қилинган қарор асосида  умумтаълим мактабларида камчиликларни бартараф этиш учун ишлар бошлаб юборилган. Депутатлик гуруҳи йиғилишларида ҳар ой бажарилган ишлар бўйича мутасаддиларнинг  ҳисоботи эшитиб бориляпти.

Кат маҳалласи Қарши шаҳрига қарайди. Маҳалланинг 114 та  хонадони Қарши тумани ҳудудида жойлашган. Ўтган  ойда МФЙ фуқаролари номидан Анвар Хўжақулов  партиянинг “Адолат  қабулхонаси” га мурожаат қилди. Унинг маълум қилишича, маҳаллада йил сайин аҳоли сони ортиб бормоқда. Шунга яраша хонадонларни  тоза ичимлик суви билан таъминлаш эса муаммолигича қолмоқда. Шу масалада одамлар бир неча йиллардан буён мутасаддиларга мурожаат қилиб келишяпти. Афсуски, уларнинг арзини ҳеч ким тингламаган. Аҳолини жиддий ташвишлантириб келаётган ушбу муаммони  партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов назоратга олди ва аҳволни масъуллар иштирокида  ўрганди. Тегишли идоралар томонидан 3600 метр масофага ичимлик сув қувурлари тортилса, аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлади. Руиддин Раупов бу муаммони бартараф этиш юзасидан “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ директори Б.Шойимов номига депутатлик сўрови юборди. Муҳими, депутат аралашуви билан  маҳалла аҳлини ўйлантириб келаётган  муаммо тез кунда ўз ечимини топадиган бўлди.

Жавоҳир Шокиров  Қарши шаҳридаги  Маҳаллот  маҳалласида  яшайди. У уй-жойга эга бўлиши учун ёрдам беришини сўраб, депутат Руиддин Рауповга мурожаат қилади. Унинг оилавий аҳволи депутат  томонидан ўрганилиб, уй-жойга эҳтиёж сезаётгани  туфайли кўмак бериш юзасидан Қарши шаҳар ҳокими Н.Холбоевга депутатлик сўрови юборди. Депутатга чорва моллари сотиб олиш учун кредит олишда ёрдам сўраган Аббос Жўраевга эса Ипотека банки ҳамкорлигида  кўмак кўрсатилди. Пахтазор маҳалласида яшовчи Умида Ҳайдарова эса бандлигини таъминлаш масаласида депутатга мурожаат қилди. 2024 йилнинг 3 майидан бошлаб  депутат аралашуви билан Умида Ҳайдарова бандликка кўмаклашиш  маркази томонидан мавсумий ишларга жалб этилди.

                                                                “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

                                                           Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+