Аҳоли мурожаатларини эшитиш билан иш битмайди

04.02.2021 11:02:47

-деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джонибекова Сирдарё вилояти Янгиер  шаҳридаги аҳоли билан суҳбатда. Бир қатор ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, уларнинг фаолияти, ишчи ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билан қизиққан депутат эшитилган мурожаатлар ҳам назоратсиз қолмаслигини алоҳида таъкидлади.

   Даставвал Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джонибекова шаҳардаги "Янгиер ногирон аёллар мурувват уйи"да бўлиб, мурувват масканидаги васийликка олинган 150 нафар ногирон аёллар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиқди. Саломатлик масканидаги аёллар маданий дам олишлари учун кутубхона, бадиий гимнастика хонаси, маънавият ва маърифат хонаси, мўъжазгина тикув цехи каби шароитлар яратилган. Чунки бу аёлларнинг аксарияти олий маълумотли, кўп йиллар турли корхоналарда фаолият юритган шахслар бўлишган. Кейинчалик саломатликларида руҳий ёки ақлий нуқсонлари юзага келганлиги сабабли мурувватга муҳтож бўлиб қолган шахслардир.

Сўнгра депутат маскандаги беморлар ҳолидан хабар олди ва бу масканда туну-кун тиниб билмай, ўзгалар меҳри ва мурувватига муҳтож инсонларнинг бошини силаб, ўз фарзандлари ёки яқинларидек парваришлаётган ишчи ходимлар билан дилдан суҳбатлашди. Суҳбат чоғида депутат барча ишчи ходимларга мана шундай инсонларга ҳаётини бахшида этиб, уларга меҳр бериб ишлаётганликлари учун миннатдорчилик билдирди. Шу тариқа суҳбат давомида масканда беморлар ҳамда ишчи ходимлар учун янада қулайликлар ва шарт-шароитлар яратиш учун, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тўғрисида суҳбатлашди.

     Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джонибекова шаҳардаги  9-сонли ўрта таълим мактабига бориб, у ердаги кимё ва информатика хоналарининг замонавий лаборотория жихозлари ва компьютерлар билан жиҳозланганлик ҳолатини кўздан кечирди. Бунда кимё лабороториясидаги реактивлар ва жиҳозлар талаб даражада эмаслиги, компьютерлар маънан эскирганлигини кўриб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар бериб ўтди. 10-11 синф ўқувчилари билан ҳам учрашув ташкил этилиб,  унда Ёшлар республика форумида кўтарилган масалалар, бугунги кунда ёшларга яратилаётган имкониятлар, китоб ўқишнинг аҳамияти ва сайлов қонунчилигидаги ўзгартиришлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.

 

    Шаҳар тиббиёт бирлашмасида бўлган депутат шифохонада беморлар ва шифокорлар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий тиббий жиҳозлар ва асбоб ускуналарни кўздан кечирар экан, шаҳримизда малакали мутахассис шифокорлар етишмаслиги тўғрисида маълумотларга эга бўлар экан, бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда муаммоларни ечимини топиш бўйича масъулиятни ўз зиммасига олди. Шундан сўнг шаҳримизнинг энг чекка ҳудуди "Наврўзобод" маҳалласидаги МТТда бўлиб у ердаги болажонларнинг таълим олишларидаги шароитларни кўриб чиқди. Бу ерда МТТга ҳомийларни жалб этган ҳолда аттракционлар ва ёзги болалар ўйин айвончаси барпо этиш бўйича тавсиялар бериб ўтди. Маҳалла фуқаролари билан учрашув ҳам ташкил этилди. Унда давлатимизда бўлаётган кенг қўламли ислоҳотлар, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва Президент Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан жонли мулоқот ташкил этилди. Мулоқот давомида фуқароларни қийнаётган муаммолар ҳам атрофлича ўрганилди ва айримлари жойида бартараф этилди. Масалан, аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида мазкур маҳалла тадбиркори билан тикув цехини очиш тўғрисида келишиб олинди. Шунингдек ёшларни олийгоҳларга кириш учун тайёрлов курслар ҳудуддаги умумтаълим мактаби қошида очиладиган бўлди. Бундан ташқари Янгиер шаҳридаги мактабларда чақириққача ёшларни ҳарбий тайёргарлиги ва ушбу йўналишда мактабларнинг моддий базаси ҳамда фан мутахассислари билан таъминланиш ҳолати ҳам ўрганилди.

Депутат Нодира Джонибекованинг Сирдарё вилоятига ташрифи Ширин шаҳридаги мулоқотлар билан якунланди. Унда шаҳар аҳолиси билан мулоқотлар ташкил этилиб, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар мазмун-моҳияти кенг тушунтириб ўтилди. Депутат томонидан ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, тегишлилиги бўйича мутассаддилар билан ҳамкорликда ечими шу куннинг ўзидаёқ топиладиган бўлди. Шаҳардаги ҳарбий қисмда бошланган тадбир учрашувда эса депутат янги сайлов қонунчилигига кўра ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланаётгани борасидаги таклифлар ҳақида ҳам сўз юритди. Ўзаро савол-жавоблар якунлангач, ҳарбий оилаларга берилган имтиёзлар ва уларнинг хонадонларидаги шароитлар депутат ташаббуси билан ўрганилди. Бошқа вилоятлардан келиб Ширин шаҳрида ҳарбий вазифасини бажараётган хизматчиларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар мавзуси ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоғини иш билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштиришдаги имтиёзлардан тўла фойдаланиш каби масалаларни ўзида ифодалади.

Шаҳардаги болалар мусиқа ва санъат мактабидаги аҳоли вакиллари, ёшлар билан учрашувда эса  депутат Нодира Джонибекова Президент мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган ёшлар билан боғлиқ вазифалар, тузилмалар ва имкониятлар ҳақида ҳаётий мисоллар билан тушунтириш берди. Касб танлаш, олий таълим муаасасига ўқишга кириш борасидаги таклифлар депутат ва ёшлар учрашувини янада жонли ва самимий ўтиши учун хизмат қилди. Шунингдек ўз ечимини кутаётган масалалар ҳақида ҳам ўзаро келишиб олинди. Энг муҳими депутатга қилинган мурожаатлар доимий назоратда эканлиги ва амалий ишлар билан жавоб берилишида бўлди. Зеро, депутат Нодира Джонибекованинг таъбири билан айтганда, аҳоли мурожаатларини  эшитиш билан иш битмайди. Фақатгина амалий ишлар қилиши орқалигина халқнинг ишончини оқлаш мумкин. 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+