Аҳоли саломатлиги жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир

12.11.2020 16:11:36

Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Бизнинг Ўзбекистон “Адолат” СДП ўзининг сайловолди дастурида аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдори эканлигини эътироф этган.

Мамлакатимиз пандемия даврида малакали шифокорларга қанчалик мухтож бўлганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир йиғилишида бу масалага алоҳида тўхталиб соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш, замон талабига мос малакали шифокорларни қўллаб – қувватлаш уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилдилар.

Соғлиқни сақлаш соҳасига эътибор бугунги кунда кучайиб, янги босқичга кўтариш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. 2020 йил 10 ноябрдаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқи том маънодаги тарихий нутқ бўлди. Давлатимиз раҳбари саммитда олтита таклифни илгари сурдилар. Биринчидан, Иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари алоҳида эътиборни талаб қилмоқда. Пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларимизни ривожлантиришга янги, шу жумладан “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни, мамлакатларимиз ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутадиган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалга ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни таклиф этди.

Иккинчидан, ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Учинчидан, ШҲТга аъзо давлатларнинг ушбу йўналишдаги ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказишни таклиф этди.

Тўртинчидан, Мамлакатларимизнинг соҳага ихтисослашган шифохоналари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши курашиш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратишни таклиф этди.

Бешинчидан, бугунги шароитда терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари нафақат сусаймаяпти, балки кучайиб, янги шакллар касб этмоқда. Баён этилган барча йўналишларда кузатувчи мамлакатлар, мулоқот бўйича шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф этди.

Олтинчидан, Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббуслари ШҲТнинг барча мамлакатлари учун янги истиқболлар очади.

Шу ва бошқа масалаларни 2021 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар” халқаро конференциясида муҳокама қилишни таклиф этди.

Мамлакатимизда аҳоли соғлиғига хавф туғдираётган янги хатар ва таҳдидларга биргаликда қарши курашиш кўламини кенгайтириш жуда муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб, бугун инсоният аввал маълум бўлмаган инфекциялар билан тўқнаш келаётгани, уларга қарши курашиш кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланаётгани, шу муносабат билан саммитда Эпидемия таҳдидларига қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режаси қабул қилинишини олқишлади. Унинг амалга оширилишини таъминлаш, хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалиши тўғрисидаги ахборот билан таъсирчан алмашинувни йўлга қўйиш муҳимлиги, мамлакатларимизнинг соҳага ихтисослашган шифохоналари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши курашиш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратишни давлатимиз раҳбари таклиф этдилар.

Ушбу тармоқ доирасида инфекцион касалликларни диагностика, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш, қўшма врачлар гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва уларни тайёрлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Хулоса қилиб айтганда, мақсадимиз битта, бутун инсониятни соғлиғини сақлаш учун бор имконият ва халқаро тажрибалардан фойдаланиб катта натижага эришишдир. Зеро, соғлиқ бу энг катта бойликдир.

 

Дилрабо ТЕМИРОВА,

Халқ депутатлари

Қашқадарё вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+