Аҳоли талабларига муносиб ишлашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда

28.09.2019 16:09:08

Дарҳақиқат, жорий йил мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар муҳим синов даврида турибди. Барчамизга яхши маълумки, Навоий вилояти мамлакатимизнинг шимолий сарҳадларида жойлашган бўлиб, юртимиздаги вилоятлар ичида энг катта ҳудудни эгаллаган. Вилоятда турли миллат вакилларидан иборат, қарийб 1 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Жорий йилги сайловларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши ҳам муносиб ҳозирлик кўрмоқда.

Вилоятимиздаги корхона, ташкилот ва муассасаларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 650 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларида янги дастурларимиз лойиҳалари кенг  муҳокама қилинди.  Айниқса, вилоятнинг олис чўл ҳудудлари Зарафшон шаҳри ҳамда Томди, Учқудуқ туманларидаги аҳоли ўртасида муҳокамалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама жараёнлари танқидий-таҳлилий, баҳс-мунозара тарзида ўтказилиб, тиббиёт, таълим, суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича соҳа мутахассислари ва экспертлар томонидан ҳам бир қатор таклифлар олинди. Муҳокамалар чоғида ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида таҳлилий мулоҳазалар ўртага ташланди. Шунинг баробарида мазкур соҳалардаги муаммолар тўғрисида жамоатчилик фикри ўрганилиб, қиёсий таҳллиллар орқали таклифлар тайёрланди.

Партиямизнинг янги Сайловолди дастури — бу келгуси беш йил давомида партиямизнинг жамиятдаги ўрни, роли, мавқеи ва нуфузини белгилайдиган, электоратимиз манфаатини ҳимоя қиладиган, сайловчилар, кенг жамоатчилик ва аҳоли ишончини қозонадиган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Ушбу дастур қай даражада пухта ва мукаммал, халқчил бўлсагина, фаолиятимизда самара ва натижа бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Сайловолди дастуримизда электоратимизнинг овози, дарди сезилиб туриши керак. Унда бугунги ислоҳотларимиз билан елкама-елка тура оладиган, мамлакатимиз тараққиётини олдиндан кўра биладиган мутлақо янги ғоялар акс этиши, сайловчилар диққатини ўзига жалб эта олиши айни муддаодир.

Сайловчиларимизнинг дунёқараши, ислоҳотларга муносабати, ҳуқуқий онги ва маданияти кундан-кунга юксалиб бормоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида ижтимоий тармоқлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига жамоатчиликнинг муносабатида, эътироз билдираётганида ҳам яққол кўринмоқда. Демак, адолат ғоялари, олдимизга қўяётган долзарб ҳаётий вазифаларимиз юртдошларимизни асло бефарқ қолдирмайди. Халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, талабларига муносиб фаолият олиб боришимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Рустам ҲАЙИТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+