Янгиликлар 1176
Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – муҳим вазифа
“Адолат” СДП Ромитан туман Кенгаши томонидан туман тиббиёт бирлашмасида “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғликни сақлаш тизимига замонавий ахборот –коммуникация технологияларини жорий этиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Л.Авезова, “Аёллар қаноти” раиси Л.Ёдгорова, партия фаоллари ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида сўзга чиққан партия туман Кенгаши раиси Р.Ҳайитов Соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар хусусида сўз юритди. Айтилганидек, инсоннинг энг катта бойлиги бу саломатликдир. Шу боисдан ҳам бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликларни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғликни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши соҳадаги кўплаб муаммоли масалалар ечимига қаратилгани билан аҳамиятли бўлганлиги қайд этилди.
Фармойишга кўра, бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, уларни тармоғини кенгайтириш, тиббий хизматларни сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларини моддий техника базасини яхшилаш, уларни тиббий ускуналар ва дори воситалари билан таъминлаш шулар жумласидандир. Жорий йилда 136 та, 2023 йилда 140 та янги поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, фуқароларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш мақсадида аҳоли орасида кўплаб тарғибот тадбирлари олиб борилиши зарурлиги айтилди. Тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар, касалликлар профилактикаси бўйича кўплаб қўлланмалар ишлаб чиқилиб, хонадонларга тарқатилиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Лола АВЕЗОВА,
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг