Янгиликлар 1838
Айбсиз айбдор бўлиб қолдик
Сўх тумани тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, маҳаллий аҳоли ер майдонлари ҳамда томорқаларини азалдан қўшни Қирғизистон Республикаси орқали оқиб ўтадиган Сўх дарёси ҳамда Сой дарёларидан ҳашар йўли билан тўғонлар қуриб, суғориб келишади.
Жумладан, мен сайлаган 8-Ҳазрати Али округи ҳудудида яшовчи маҳаллий аҳоли ҳам ҳар йили тўғон қуриб, боғ-роғлари ҳамда томорқаларини оби ҳаёт билан таъминлайдилар. Кунлик истеъмол учун ҳам шу сувдан фойдаланиб келишади.
2020 йили туманимизда Нимонжон Жамолов раҳбарлигида янги туман сув истеъмолчилари уюшмаси тузилди. Уюшма Низомига асосан маҳаллий аҳоли учун зарур сувни етказиб бериши, тўғонлар қуриши, аҳолини қийнаб келаётган сув муаммосини бартараф этиши лозим эди. Биз бундан жуда қувондик. 2020 йилнинг 5 майида МФЙлар билан шартнома тузилди ҳамда маҳалладан уч нафар фуқаро ишга жалб этилди. Улар белгиланган миқдордаги маблағларни йиғиш билан шуғулландилар. Аммо орадан бир неча ой ўтиб ҳам уюшма истеъмолчиларга ҳеч қандай хизмат кўрсатмади. Ишли бўлдим, дея ҳурсанд бўлган 3 нафар ходимнинг ҳам қувончи узоққа чўзилмади. Уларга маош тўланмагач, ишини ташлаб кетдилар. “Ҳазрати Али” МФЙ раиси сифатида ўзим ҳамда комиссия аъзолари билан биргаликда бир неча маротаба уюшма раҳбари Н.Жамоловга мурожаат қилдик. Лекин бирор мурожаатимизга муносабат берилмади. Гаплашиш учун олдига борганимизда доимий равишда маст ҳолатда учратдик. Тартибга чақириб айтган сўзларимиз “ҳавога учди”. Яна пул тўлаб ҳам мушкули осон бўлмаган аҳоли билан ўзимиз тўғон қуришимизга тўғри келди.
2021 йилда уюшма раҳбари Н.Жамоловга “Ҳазрати Али” МФЙ раиси ўринбосари С.Тошев шартнома тузиш нияти бўлса, “Булоқ боши”га тўғон қуриш учун маблағ ажратиши лозимлиги, ўтган йили шартнома шартларини бажармаганлиги учун истеҳола қилиниб, чора кўрилмаганлигини билдирган. Лекин “андишани отини қўрқоқ қўйган раҳбар” бу муносабатга жавобан МФЙ ўринбосарини шартомада кўрсатилган маблағни халқдан йиғиб бермаганликда айблаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспексияцининг Сўх туман бўлими инспектори Х.Раҳматулоев томонидан санкция берилиб, иши судга тақдим этилганлигини маълум қилган.
Ваҳоланки уюшма раҳбари тумандаги мавжуд 27 та маҳалладан маблағ йиғиб, ўз манфаатлари йўлида сарф қилиб юборган. Халқнинг пули олиниб, ҳеч қандай хизмат кўрсатилмаган. Ўз айбидан уялиш, аҳолига кўмак бериш ўрнига яна маҳаллани судга бериши ҳеч бир адолат тарозисига тўғри келмайди. Аслида қонун олдида бошқа одам жавоб бериши керак эмасми?
Мутасаддилардан бу борада муносабатни кутиб қоламиз.
Субҳонали НИШОНОВ,
Сўх тумани “Ҳазрати Али” МФЙ раиси,
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг