Акцияда тиббиётга тааллуқли масалалар кўтарилди

08.11.2019 11:11:12

Қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти, буюк сиймолари билан жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган Қарши шаҳри бу оқшом янада ўзгача мафтункорлик касб этган. Айниқса, Амфитеатр томошагоҳи ва ундаги саҳна алоҳида дид билан безатилгани, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилган халқчил ғоялар сухандонлар томонидан баралла овозда овоз кучайтирувчи мосламалар ёрдамида бутун кўҳна Насаф маҳаллалари узра таралаётгани минглаб одамларни тўпланишига имкон яратди.

Дарвоқе, Қарши шаҳридаги амфитеатр томошагоҳида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши томонидан “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш-давр талаби” мавзуида “Адолат сайли” акцияси бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, маданият, санъат ходимлари, ижодкорлар, шаҳар жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Акцияда партия фаоллари сўзга чиқиб, партиянинг Сайловолди дастурида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва ушбу соҳада тизимли ишларни кучайтириб, “Тиббий маданиятни ошириш” давлат дастурини қабул қилиш таклифини илгари суришаётганини қайд этишди. Шунингдек, партия фаоллари аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш учун хусусий тиббиётни ривожлантириш билан бирга соҳада давлат секторини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлашда юқори малакали хорижий мутахассислар ва инвестицияларни кенгайтириш, кадрлар малакасини ошириш, шошилинч тез тиббий ёрдам хизматини жаҳон талабларига мослаштириш, мактаб тиббиётини тубдан яхшилашга қаратилган “Соғлом болалик” лойиҳасини амалга ошириш таклифини ҳам маъқуллаб чиқишаётганини эътироф этдилар.

Тадбирда одамларнинг саломатлиги ҳеч нарсага алмашинмайдиган улкан бойлик эканлиги, ана шу бойликни асраб-авайлаш  Сайловолди дастурда муҳим вазифа этиб белгилангани таъкидланди.

Дарҳақиқат, улуғвор ишлар туфайли озод юртнинг обод шаҳарларидан бирига айланган қадим ва навқирон Қарши шаҳри халқига бу оқшом уюштирилган “Адолат сайли” акцияси хуш ёқди. Зеро, тинч ва осуда юртга, тараққиёт сари дадил одимлаётган мамлакатга ана шундай халқ сайлларини нишонлаш  чинданда ярашади.

                                                                             Комил САХАТОВ,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+