Алдашга ҳам, алданишга ҳам йўл йўқ

17.06.2021 09:06:06

Яқинда интернетда “Миллий сертификат атрофидаги миллий ўйинлар” сарлавҳаси остида тарқалган хабар бир қарашда оддийдек кўринса-да, буни кун муаммоси деб аташ мумкин. Олий таълим муассасаларига навбатдаги қабул яқинлашаётган бир вақтда бундай “ўйинлар”нинг авж олиши ташвишланарли.  

Аниқланишича, ДТМ ходимлари Бухоро вилоятида Миллий сертификат бўйича масъулларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини аниқлаб, ўрганиш олиб боришган.  Бухорода ўқув маркази ташкил қилган бир гуруҳ шахслар Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига боришган ва ўқувчиларга Миллий сертификат имтиҳонлари тест саволларини сотишган ва ўша ерда уларни ёдлатишган. Афсуски бу каби “тадбирлар” бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда, ижтимоий тармоқлардаги хабарларни тасдиқламоқда.

Фарзанди ўрта мактабни тамомлаётган ота-она борки бугун хавотирда. Дилбандининг тайёргарлиги яхши, билимига ишонади, бироқ юқоридаги ҳолатлар ўйлантиради. Амалдаги қонунчилик асосида олий ўқув юртларига қабул шаффофлик асосида ўтказилаётганига қарамай иккиланишга олиб келади. Талабаликка тайёрловчи ўқув марказларидаги “ўйинлар” ишончни сусайтиради. Бу айрим абитуриентларнинг “ҳаёт йўллари”ни танлашда чалғитади.

Миллий таълим, адолат хусусида гап борар экан, бу борада жамоатчиликнинг ролини ошириш лозим. “Адолат” номи билан фаолият юритаётган партиядошларимиз ва электоратимиз эса бу йўлда байроқдор бўлиши керак. Токи, нафсининг қулига айланиб, алдов йўли билан пул топмоқчи бўлганлар ҳам, алдовнинг қурбонига айланаётганлар ҳам хушёр тортсин.  Таълимга хиёнат - келажакка хиёнат эканлигини тушуниб етсинлар.

 

Ўткирбек АРЗИҚУЛОВ,

халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+