Амалдорга мурожаат: шояд гап эгасини топса

15.01.2021 11:01:40

Маълумки, 2020 йил 29 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома йўллади.

Ҳурматли амалдор! Мурожаатномани Олий Мажлисга қонун ижодкорлиги, Ҳукуматга ижро ҳокимияти, ҳокимларга ҳудудларнинг раҳбари бўлгани учун, халққа эса якунига етган йилда юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижаси ва 2021 йил аҳоли манфаати кўзда тутилган ҳолда режалаштирилаётган ислоҳотлар кўлами билан таништириш, деб ҳисобламанг.

Чунки давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасини зангори экран орқали кўриб, эшитиб, сўнгра матнни мутолаа ва мулоҳаза қилиб, ўзини Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси учун дахлдор деб билган ҳар бир юртдошимиз, биринчи навбатда, айниқса, катта-кичик лавозимда ўтирган амалдорлар учун дахлдор, деган хулосага келдик.

Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Президентимиз аксарият амалдорлар фаолиятидан қониқмаётганига гувоҳ бўламиз.

Бунинг исботи сифатида, Мурожаатномада таъкидланган қуйидаги фикрларга эътиборингизни қаратинг: “Кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ ва тўлиқ белгиланмагани сабабли фаолиятларида бир-бирини такрорлаш ҳолатлари мавжуд. Вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш учун ташаббус кўрсата олмайди. Бунинг сабаби нимада? Уларнинг ё билими, малакаси йўқ, ё қатъияти етмайди, ёки коррупцияга берилган. Афсуски, бундай раҳбарлар аҳоли кутаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш ўрнига кераксиз қоғозбозлик ва натижасиз мажлислар ўтказиш билан овора бўлиб қолмоқда... 

Жойларда ишни тўғри ташкил этмаслик, айрим раҳбарларда савия ва малака етишмаслиги, бюрократия, коррупция ҳолатлари, лоқайдлик ва бепарволик каби нуқсонлар ҳам борлиги сир эмас...”

Афсуски, баъзи раҳбарлар фаолиятида бундай салбий ҳолатлар учраб турибди. Энг ёмони, айрим раҳбарларнинг ўз тизимларида коррупция ва бюрократияга қарши кескин курашмаётганликларида намоён бўлмоқда.

Дарҳақиқат, коррупция давлат ривожланиши ва халқ фаровон ҳаёт кечиришига тўсиқ бўладиган, аҳолини камбағалликка гирифтор этадиган офатдир, балодир!

Шунинг учун муҳтарам Президентимиз Мурожаатномада “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, омма­вий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур. Коррупция ўта оғир жиноят экани ва унга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга ёшлик давридан бошлаб сингдиришимиз, уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатишимиз лозим” деб таъкидлади.

Коррупция нима ўзи? Унга қарши қандай курашмоқ керак?

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш, деб тушунча берилган.

Демак, мансабдор шахс томонидан ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш орқали содир этилган жиноят — коррупция ҳисобланади.

2020 йил коронавирус пандемияси деган офат бутун дунёни таҳлика ва ларзага солди. Минг афсуслар бўлсинки, шундай оғир шароитда ҳам ҳалқ ризқига кўз олайтирган, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, миллиардлаб давлат мулкини ўзлаштирган айрим ноинсоф амалдорлар учради.

Маълумки, Хитой Халқ Республикасида коррупция жиноятини содир этганларга отиб ўлдириш жазоси қўлланилади. Эътиборли жиҳати, ҳаттоки шу ўқ нархи ҳам давлат харажатидан қопланмайди, балки ҳукм қилинган шахс харажатни қоплагунча меҳнатга жалб этилади.

Россия Федерациясининг амалдаги қонунчилигида пора олган мансабдор шахсга нисбатан озодликдан маҳкум қилиш жазосидан ташқари, олган пора суммасининг 10 баробаридан 100 баробаригача миқдорда молиявий жазо чораси қўллаш ҳам кўзда тутилган..

Яна бир гап. Чет давлатларда миллиардерлар қонуний йўл билан топган маблағларининг асосий қисмини хайрия тадбирларига сарфлаб, фарзандларига озроқ суммани васият қилиб қолдиради.

Узоққа бориб нима қиламиз, ҳамюртимиз Алишер Усмонов ҳам ҳалол йўл билан тўплаган бойлигининг асосий қисмини хайрия тадбирларига сарфлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик деганларидек, миллиардерлар ўз меросхўрларини ўзлари меҳнат қилиб, ҳалол йўл билан пул топишга ўргатиш мақсадида шундай йўл тутишади. 

Юқорида баён этилганларга кўра:

- коррупцияга қарши кескин чора кўриш ва коррупционерларга нисбатан

оғирроқ жазо чорасини қўллаш;

- етказилган зарарни бир неча баробар миқдорда ундириш;

- қўшимча жазо сифатида давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этиш;

- уларга нисбатан амнистия, афв этиш, шартли озод қилиш каби енгиллик

берадиган чораларни қўлламаслик; 

- раҳбарларнинг билим ва малакасини ошириш мақсадида уларни ўқитиш;

- масъулият ва жавобгарлигини ошириш;

- давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкларини декларациялаш;

- давлат хизматчиларининг чет мамлакатлар банкида ўзи, турмуш ўртоғи ва фарзандлари номига ҳисоб-рақам очишни таъқиқлаш;

- бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар бераётган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфланиши бўйича ошкораликни таъминлаш, маблағлар мақсадли сарфланиши устидан Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти, вазирлик ва идоралар томонидан ички ёки ташқи аудит ўтказиш орқали доимий назорат ўрнатиш;

- ҳар бир фуқарода коррупцияга муросасизлик кайфиятини шакллантириш мақсадида оммавий ахборот воситаларида коррупция, бюрократия каби мавзуларга бағишланган кўрсатув, эшиттириш ва мақолаларни кўпайтиришни таклиф қиламиз.   

Жаноб амалдор! Сиздан бор-йўғи халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаш, қонунларни ҳурмат қилиш, ўзингизни ҳалоллик вакцинаси билан эмлаб, ўзингиз раҳбарлик қилаётган тизимда коррупция, бюрократия каби салбий иллатларга барҳам бериш, лавозим ваколатидан фойдаланиб, ўз юртдошига қилинадиган адолатсизлик-зулмдан воз кечиш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, оммавий ахборот воситалари билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш талаб этилади.  

Ҳадисларда “Ҳукмдорлар Аллоҳнинг ердаги соясидир. Ким уларни эъзозласа, Аллоҳ уларнинг ўзини ҳам қадрлайди, ким ҳукмдорларни менсимаса, Аллоҳ бундай инсонларни хонавайрон қилади”, де­йилган. Халқ ва Президентимиз Сизга ишонч билдириб, у ёки бу раҳбарлик лавозимига сайлаб, тавсия қилиб ёки тайинлаб, бирон-бир лавозимга қўйган экан, бундай ишончнинг ўзи катта бахт, улуғ шарафдир! Бу ишончнинг қадрига етинг!

“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу мақсадга эришиш учун барчамиз бир мақсад атрофида бирлашиб, қонунларга сўзсиз итоат этиб, масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, халқимизга фидокорона хизмат қилайлик.

Биз бугун буюк аждодларимиз билан фахрланганимиздек, келгуси авлод вакиллари ҳам биздан фахрланишсин. Эртага фарзандларимиз шу юртда яшашини унутманг!

Иброҳимов Бахтиёр Иброҳимович

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий

Кенгаши Марказий аппарати Юрисконсульти 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+