Янгиликлар 3670
Амалий ишлар таҳлили ва янги вазифалар
Термиз шаҳридаги Сурхондарё вилоят Касаба уюшмаларида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгашининг VIII-ҳисобот сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар-туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик ҳамда 2015-2019 йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Унда партия ходимлари, депутатлар, фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Конференцияда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят партия ташкилотининг ҳисобот даврида партиянинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат ҳар бир инсон учун” деб номланган сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг 2015-2019 йилларда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи, партиянинг янги таҳриридаги Устави ва Дастури лойиҳаларига таклифлар, юқори партия ташкилоти ҳисобот-сайлов конференциясига делегатларни сайлаш, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят ташкилотидан халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашига номзодларни кўрсатиш ваколатини Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши Пленумига бериш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят партия ташкилоти назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботи тингланди.
Ҳисобот сайлов конференциясида партия вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев сўзга чиқиб, ҳисобот даврида партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан партиянинг вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг шаҳар, туман Кенгашлари томонидан лойиҳалар доирасида охирги беш йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида партия вакиллари ҳамда депутатлар томонидан партиянинг лойиҳалари доирасида олиб борилган ишлар таҳлил қилинди. Хусусан “Сиёсий ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш- демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида жами 2135 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, 28695 нафар иштирокчи қамраб олинди.
Партиянинг “Адолат - қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг ҳар бир шаҳар, туман, Кенгашларида партия фаоллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари маҳалла фуқаролар йиғинларида халқ билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилди. Партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 1236 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 26508 та хонадон ва 235 та хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан 2168 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 645 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада, 986 та масала ўз ижобий ечимини топди. 200 ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. 100 га яқин мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
“Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида жами 52 нафар шахс ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди.
Конференцияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳининг 2015-2019 йиллардаги фаолияти таҳлил қилинди, танқидий фикрлар ва мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, вилоят партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Мактабгача таълим - кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида, “Фуқаролар репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг ижроси бўйича “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси томонидан амалга оширилган ишларни ўрганиш тўғрисидаги масалалари вилоят сессияси кун тартибига киритилиб, муҳокама қилинган ва ижроси юзасидан муайян амалий ишлар амалга оширилган. Умуман олганда ўтган 5 йил давомида 2 та масала Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритилган. Шунингдек, 2 та масала вилоят Кенгашидаги доимий комиссияларда ҳам тегишлича ўрганилган. Партия лойиҳалари доирасида жойлардаги ўрганишлар асосида шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига 30 та масала киритилган.
Ҳисобот даврида вилоят партия депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан чиқарилган депутатлик сўровлари ҳам жойлардаги муаммоларни ечиб, аҳолига қулайликлар яратилишига замин яратди. 2015 йилда вилоят депутатлик гуруҳи томонидан бор-йўғи 23 та депутатлик сўрови чиқарилган бўлса, 2016 йилда 28 та, 2017 йил 30 та 2018 йил 34 та депутатлик сўровлари, 2019 йилнинг 9 ойи давомида эса 37 та депуталик сўровлари чиқарилган. Умумий олганда, ўтган йиллар давомида жами 152 та депуталик сўровлари чиқарилган. Шу ўринда айтиш мумкинки, депутатлик сўровларига ижро органи ва тегишли идора ташкилотлари раҳбарлари томонидан жавоб бермаслик ёки кечикиб жавоб бериш ҳолатлари кўпайиб кетди. Бундай ёндашувлар депутатларни ўз вазифаларини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. Сўровларга бефарқлик билан қараган раҳбарларга нисбатан 2017 йилда прокуратура органларига асослар тақдим қилинган бўлса-да, депуталик сўровларига ўз вақтида жавоб беришда ҳамон камчиликлар мавжуд. Шунингдек, баъзи сўровларга юзаки жавоб бериш ҳолатлари ёки жавоб хатида белгиланган вазифаларга совуққонлик билан қараган ташкилот раҳбарлари ҳам мавжуд.
Конференция иши давомида Дастурда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида ўзига яраша ютуқларга эришилганлиги билан бирга, айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги таъкидланди. Бунда айниқса, дастурнинг ҳар бир йўналиши ҳамда унда белгиланган лойиҳаларнинг ижроси барча ҳудудларда ҳам бир хилда таъминланмаганлиги билдирилди. Дастурий вазифалар ижроси доирасида доимий комиссиялар ва сессиялар кун тартибига масала киритишда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик корпусларининг барчаси бирдек фаоллик кўрсатмаганлиги айтиб ўтилди.
Конференция ишида иштирокчилар томонидан партиянинг янги таҳрирдаги устави ва сайловолди дастури лойиҳасидан ўрин олган фикр ва ғоялар, таклиф ҳамда мулоҳазалар бир овоздан қўллаб-қувватланди. Тадбирда сўзга чиққан делегатлар партия сайловолди дастури юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтишди, дастур йўналишлари халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши хусусида мулоҳазалар билдирилди.
Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ушбу конференцияда Ўзбекистон “Адолат” СДП VIII Қурултойига делегатлар сайланди.
Гулшод ТУРСОАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг