Янгиликлар 1193
Амир Темур – адолат тимсоли
Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан улуғ аждодларимиз меросини кенг тадқиқ қилиш, ўсиб келаётган навқирон авлодни ота-боболаримизнинг ибратли ҳаёт йўлидан хабардор этиб, аждодларимизнинг мардлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик фазилатлари билан тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Буни Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан бугун партия Марказий аппаратининг мажлислар залида ўтказилган «Амир Темур адолат тимсоли» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Айтиш жоизки, Амир Темур — ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир. Айнан шунинг учун ҳам Соҳибқирон таваллуд топган кунни мамлакатимизда кўтаринки руҳда кенг нишонлаш, жойларда улуғ саркарда таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, буюк адолат тимсоли бўлган нодир шахснинг ибратли маънавий меросини оммалаштириш номи каби жамиятимизда адолат тамойилларини қарор топтиришни мақсад қилган «Адолат» СДП учун доимий анъанага айланган.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Б.А.Абдуҳалимов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзолари, шунингдек, партиянинг Марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар Кенгаши ходимлари қолаверса, ЗООМ платформаси орқали онлайн шаклда партия ҳудудий Кенгашларидан фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёт йўли, давлат ва жамият ривожига дахлдор фаолиятида «Куч – адолатда» шиорига асосланиб иш юритгани шунингдек, ўз салтанатида адолат вазири лавозимини таъсис этиш орқали инсон қадр-қимматига бўлган эътиборнинг яққол намунаси сифатида нафақат ўша замон ҳамжамияти учун, балки бугунги кун ва келажак авлод учун ҳам ибратли эканлигини таъкидладилар.
Шунингдек, тадбир доирасида пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида жойлашган буюк даҳо ҳайкали пойига партия фаоллари ва депутатлар томонидан гулчамбарлар қўйилиб, эҳтиром кўрсатилди.
Маълумот ўрнида 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан миллий давлатчилигимизнинг етук намоёндаси, одиллик ва адолат элчиси бўлган буюк бобокалонимизнинг 686 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар кенгашларида ҳам кенг миқёсда ўтказилаётганлигини қайд этиш лозим.
«Адолат» СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг