Янгиликлар 1467
Амир Темур - адолат ва ҳақиқат тимсоли
Улуғ соҳибқирон, саркарда, адолат ва ҳақиқат тимсоли бўлган буюк шахс Амир Темурнинг ҳаёти ва сиёсати бугунги кунимизда ҳам ўзига хос андоза вазифасини ўтайди. Негаки, ўз давридаги оқилона ва одилона сиёсати, адолат мезонига йўғрилган ҳаёти авлодлар тафаккури учун маънавий мезон бўлиб келмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда буюк соҳибқироннинг таваллуд куни юртимиз бўйлаб кенг нишонланади.
Хусусан, “Адолат” СДП Пешку туман Кенгаши томонидан соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг 686 йиллиги муносабати билан “Афшона Абу Али Ибн Сино” номидаги жамоат саломатлиги техникумида “Амир Темур - адолат ва ҳақиқат тимсоли” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбир партия туман Кенгаши “Ёшлар қаноти” аъзолари томонидан юқори савияда саҳналаштирилди.
Тадбирда партия Пешку туман Кенгаши раиси Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ф.Болтаев сўзга чиқиб, Амир Темурнинг диёнат, адолат ва қатъиятга бой ҳаёти ҳақида ёшларга атрофлича маълумотлар бериб ўтди. Соҳибқирон Амир Темур фаолиятининг бош тамойили адолатга асосланганлиги – унинг беназир ақл-заковати ва юксак тафаккури, ўз халқининг ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашларини мукаммал билган инсон бўлганлигини кўрсатади, – дейди, туман Кенгаши раиси. Ф.Болтаев қайд этганидек, Амир Темурнинг адолатга йўғрилган ҳаёти, унинг яратган асарлари бугун ёш авлоднинг дунёқарашини юксалтиришда, маънан етук, баркамол ва адолатпарвар ёшларни тарбия этишда муҳим кўприк вазифасини ўтайди.
Тадбир юқори савияда ташкил этилиб, “Ёшлар қаноти” аъзолари томонидан тайёрланган турли хил ижодий чиқишлар, саркарда ижодидан лавҳалар, Амир Темур ҳаёти, сиёсати ва ижодини мадҳ этувчи қизиқарли саҳна кўринишлар ҳамда куй-қўшиқлар талаба ёшларнинг маънавиятини юксалтиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Мухтасар ЗОХИДОВА,
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг