Янгиликлар 1851
Амир Темурнинг ҳарбий санъатнинг ривожлантиришдаги роли
Улуғ Соҳибқирон Амир Темурнинг тарихий сиймоси, ҳаёти ва фаолияти ҳозирги Марказий Осиё заминида яшаётган барча халқларнинг ўтмиш тарихидан шарафли ўрин олибгина қолмасдан, замонавий тарихий ривожланишида ҳам ўз аксини топиши диққатга лойиқдир. Мисол тариқасида Амир Темурнинг Қозоғистон Республикасининг ҳозирги Туркистон вилояти ва Шимкент шаҳри шунингдек, сонсиз боблар макони Сайрам даҳаси билан боғлиқ бўлган тарихий қадамжоларини эслаб ўтишни жоиз деб билдик.
Сўнгги йиллардаги тадқиқот ишларида Амир Темурнинг тарихий образи борган сари ҳаққоний гавдаланиб бораётганлигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Яқинда россиялик тадқиқотчилар Амир Темурнинг Россияга ҳарбий юришдан бош тортганлиги унинг адолатли ҳукмининг натижаси эканлигини, умуман бу юрт халқларини асрий мўғул истилосидан халос қилишда буюк Темурнинг алоҳида ролини аниқ далиллар асосида эътироф этдилар.
Темурийлар тарихига бўлган қизиқишнинг тобора ортиб бориши ва унинг яна бир муҳим жиҳати – азалдан бир-бирига қўшни бўлиб яшаб келаётган, қардош ва қондош қозоқ-ўзбек халқларининг абадий дўстлигининг мустаҳкамланишидаги ролини таъкидлаб ўтиш мумкин.
Улуғ ва мустаҳкам, айни чоғда тартиб ва адолат ҳукм сурадиган давлат барпо этган буюк аждодимиз Амир Темур ҳозирги Жанубий Қозоғистон ҳудуди тарихи ва маданияти ривожланишида чуқур из қолдирди. Амир Темурнинг Қозоғистоннинг Жанубий ўлкаларидаги ижтимоий-тарихий фаолияти билан боғлиқ тарихий қадамжолар, ўша ерда юз йиллар давомида оға-ини, дўст ва қўшни бўлиб яшаётган қозоқ ва ўзбек халқлари ҳаётидан тарихий далиллар, аждодларининг ҳаёти ва фаолияти Амир Темур номига боғланган сайрамлик “Мирлар” авлодлари – буларнинг барчаси буюк сиймонинг фақат тарихдагина эмас, келажак авлодлар учун ҳам катта маънавий ва моддий мерос қолдирганлигининг гувоҳи бўламиз.
Қозоғистонда Ўзбекистон ва Ўзбекистонда Қозоғистон йиллари доирасида Яссавий диёри яъни Туркистон шаҳрида ўтказилган маданий ва маърифий тадбирлар орасида “Биз бир халқмиз”, “Амир Темур – буюк саркарда ва бунёдкор” мавзусида ўтган халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Анжуман ишида Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатларидан ташриф буюрган нуфузли делегациянинг иштирок этиши, қозоқ, ўзбек ва қирғиз тарихчилари ҳамда зиёлиларининг маърузалари ҳамда самимий суҳбатлари анжуманни юксак савияда ва кўтаринки руҳда ўтганлигидан далолат беради. Вилоят раҳбариятининг меҳмонларга бўлган ҳурмати ва илиқ қабули уларда катта таассурот қолдирди. Қозоғистонда Соҳибқирон номи билан боғлиқ тарихий қадамжолар жуда ҳам кўп. Жумладан: Туркистон шаҳрида жаҳонга машҳур маҳобатли Хожа Аҳмад Яссавий ва Ўтрорда Арслонбоб мақбаралари мавжуд, шунингдек, Амир Темур номи билан аталган темир йўл станцияси (бекати), ҳозирги Ўрдабоши туманининг маркази Амир Темур (Темирланг) шаҳарчаси, Темурнинг қадами етган сонсиз боблар макони Сайрамда Ахмад Яссавийнинг отаси Иброҳим ота ва онаси Қора соч она мақбаралари ҳам Соҳибқироннинг фармони ила бунёд этилган. Кўҳна ва навқирон Туркистон шаҳрида Амир Темур номидаги ўрта таълим маскани фаолият юритмоқда, Шимкент шаҳридаги шоҳ кўчаларнинг бирига Амир Темур номи берилган.
Амир Темур фармони ила Ахмад Яссавий мақбарасига 1399 йил Қарноқ қишлоғида Эрондан келган уста Абдулазиз Табризийлар томонидан етти металл қоришмаларидан иборат бўлган той қазон қуйдирилган. Мазкур той қазон 1935 йили Россияда ўтган Халқаро иккинчи Эрон кўргазмасига олиб кетилган ва кўп йиллар давомида Санкт-Петрбургнинг Эрмитаж музейида сақланган. Мазкур той қазонни жамоат арбоблари Ўзбекали Жонибеков ва Эркин Жўрабековлар 1989 йилнинг 18 сенябрь куни Туркистонга қайтаришган. Мақбарадаги яна иккита чироқдон қандайдир бир сабаблар билан биттаси Франциянинг Лувр музейида, биттаси эса Эрмитажда сақланмоқда. Балким вақт ўтиб, ҳақиқат қарор топиб бу чироқдонлар ҳам ўз ўрнига қайтарилар деган умиддамиз. Мақсадимиз келгусида Ахмад Яссавий мақбараси олдидаги ҳиёбонга Соҳибқироннинг от устидаги ўтирган катта маҳобатли ҳайкалини ўрнатишдир.
Туркистонлик машҳур дизайнер Носир Ҳамрақулов ясаган той қазоннинг кичик макети 2015 йили Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 20 йиллик юбилейи арафасида дўстлик ва тотувлик рамзи сифатида республикамизнинг барча вилоятларини оралаб чиқди. Эстафета давомида кўп миллатли 9 апреля қозоғистонликларнинг ижобий тилак ва ниятлари ёзилган хатлар той қозонга солинди, шунингдек, саҳоватпеша инсонлар томонидан 5 миллиард тенгедан зиёд маблағ йиғилиб кам таъминланган оилаларга бошпаналар олиб берилди. Кўриб турибмизки Темурийлар тарихи Туркистон вилояти ва кўҳна Сайрамнинг ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Темурийлар тарихи янги авлодларни Амир Темур шахсидаги эзгулик ва бунёдкорлик хислатларни мерос ва ёрқин намуна сифатида қабул қилиб, шараф билан давом эттиришга чорлайди.
Яқинда Тошкентда нашрдан чиққан Сайрамда туғилиб ўсган ўзбекистонлик давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, академик Камолжон Шодиметовнинг “Соҳибқирон Амир Темур авлиёлар юртида” китобида Амир Темурнинг буюк сиймоси, унинг Жанубий Қозоғистон халқлари ҳаётида қолдирган ёрқин излари ва унинг меросининг ҳозирги авлод тарихий тафаккурида намоён бўлиши атрофлича баён этилган. Темур ва темурийлар меросига Қозоғистонда ҳам қизиқиш доимо юқори бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда.
Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: Хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат, бир кунмас бир кун мевасини татирсан - деган Соҳибқирон бобомиз.
Давлатларимиз мустақилликка эришгандан сўнггина биз тарихимизнинг унутилган варақларини чуқур ўрганиш имконига эга бўлдик, қадриятларимизни англаш ва эъзозлашга одатлана бошладик. Бир вақтлар мутлақо тескари тавсифланган Улуғ тарихий шахсларнинг ҳаққоний инсонпарварлик ва тарихий ролини тушуниб ета бошладик. Тарихий шахс, Амир Темурнинг сиймоси, Соҳибқирон номи билан боғлиқ бўлган ҳар бир зиёратгоҳ, шунингдек, музейларнинг моддий ва маънавий маданият намуналари бизларни - қардош қозоқ ва ўзбек халқларини бир-бирларимизга янада яқинлаштиради. Тарихимизни қанчалик эъзозласак, уни қанчалик атрофлича ўргансак, ёшларимиз онгига тарихий ҳақиқатни қанчалик тўғри сингдира олсак уларнинг келгусида тарихий онги шунчалик яхши ривожланади. Туркий халқларнинг тарихий бирлиги, дўстлиги, ҳамжиҳатлиги азалдан аждодлардан қолган мерос эканлигини ҳар бир йигит ва қиз яхши англайдиган бўлади. Буюк Амир Темур қолдирган бой мерос ёшларимизни бирлик ва ватанпарварликка, тинч-осуда ҳаётни қадрлашга, ўтмиш меросига қимматли муносабатда бўлишга ундайди.
Амир Темурнинг тарихий сиймоси бизни барча эзгу ишларимизда қўллаб-қувватласин!
Икром Ҳошимжонов,
Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” жамиятининг раиси, Ҳалқаро Амир Темур
хайрия жамиятининг Қозоғистон Республикасидаги бўлими раҳбарининг
“Амир Темурнинг Харбий санъатнинг ривожлантиришдаги роли” мавзусидаги Халқаро илмий конференцияда “Қозоғистон Республикасида Амир Темур ҳарбий санъатининг ўрганилиши” тўғрисидаги маърузасидан
Фикрингизни қолдиринг