Андижонда сайловолди митинглар давом этмоқда

11.09.2021 15:09:59

Мамлакатимизда амалдаги қонунлар ва 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида  фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини эркин амалга оширишни таъминловчи мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Сайловлар – халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаланиши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишининг асосий шаклидир.

Демократик сайлов тизими орқали фуқаролар кўрсатилган номзодларга  нисбатан ўз муносабатини билдиради ва давлат бошқарувини амалга оширишда иштирок этадилар. Бу борада сайловолди ташвиқоти катта аҳамиятга эга. Шу маънода 24 октябръ куни ўтказиладиган Президент сайлови олдидан фуқароларнинг сиёсий билимларини мустаҳкамлаш зарур. Андижонда “Адолат” СДП томонидан “Адолат-ҳар бир инсон учун” шиори остида ўтказилаётган митинглар айни шу мақсадга қаратилган.

Хўжаобод тумани ёшлари иштирокида ўтказилган ана шундай тадбир сиёсий билимлар байрамига айланди. Тадбир давлатимиз  байроғини баланд кўтарган спортчи ёшларни майдонга кириб келиши билан бошланди. Улар орасида белбоғли кураш бўйича Жаҳон чемпионларининг ҳам борлиги  йиғилганларни қувонтирди.

Тадбирда сўз олганлар Президент сайловини ўтказиш бўйича амалдаги қонунчилик, сиёсий партияларнинг жараёнда иштироки ва сайловчиларнинг ҳуқуқлари тўғрисида сўз юритдилар. “Адолат” СДП томонидан бугунги кунда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўз ўрнида биринчи бор овоз берувчиларга жараёнда иштирок этиш билан Ўзбекистоннинг эртанги кунига ўз муносабатини билдиришлари тушунтирилди.   

Йигитали Бекбоев, “Адолат” СДП Хўжаобод туман кенгаши раиси:

-Сайлов жараёнининг энг масъулиятли босқичларидан бири – бу сайловолди ташвиқоти. Айнан ушбу босқичда Президентликка номзодлар  ўзларининг келгуси фаолият дастурлари билан сайловчиларни таништирадилар ҳамда ушбу жараённинг нақадар фаол ва самарали ташкил этилганидан келиб чиқиб тегишли овозларга эга бўладилар. Сиёсий партиялар бу йўлда катта кучга эга.  Бугун ўз фаолиятимизни жонлантириш ва тарғибот тадбирларини ўтказиш баробарида бўлажак сайловда ҳар бир сайловчининг иштирокини таъминлашни бош мақсад қилиб олганмиз. Жойларда ўтказилаётган тадбирларда иштирокчиларни қизиқтирган ҳар бир саволга жавоб берилаётгани ҳам бежиз эмас.

Тадбир сиёсий мавзудаги викторинага уланди. Сайлов қонунчилиги ва  сиёсий партиялар фаолияти билан боғлиқ саволларга тўғри жавоб берган билимдонлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

 вилоят кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+