Янгиликлар 1939
Андижонда саломатлик акцияси
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифалардан бири. Шундан келиб чиқиб андижонлик сафдошларимиз “Соғлом яшашни истасангиз сафимизга қўшилинг!” шиори остида акция ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳатлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб вилоятдаги 5 та туманда “адолатчи-тиббиётчилар” иштирокида тизимдаги ислоҳотларни ўрганиш, тиббий маданиятни ошириш ва “темир дафтар”га киритилганларга замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган тадбирларда 10 минг нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди. Бу шунча юртдошимиз соғлом ҳаёт сари қадам ташлаганини кўрсатади.
Сиз тиббий кўрикдан ўтдингизми?
Инсоннинг саломатлиги биринчи навбатда унинг ўзига боғлиқ. Бу борада вақтида тиббий кўрикдан ўтиб бориш мақсадга мувофиқдир. Шу сабаб фуқароларнинг тиббий маданиятни ошириш тадбирнинг асосини ташкил этмоқда. Ҳар бир иштирокчига ўзингизни соғлом деб ҳисоблайсизми, дея савол берилди. Бирдан “ҳа” дея жавоб бера олмаганлар кўпчиликни ташкил этди. Натижада уларда тиббий кўрикдан ўтиш истаги туғилди.
Избоскан туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникада ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда 1680 нафар фуқаро қатнашди. “Темир дафтар”га киритилганлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилди. Партия сафидаги Андижон давлат тиббиёт институтининг профессор-ўқитувчилари ва 18 турдаги соҳа мутахассислари тарғибот ишлари билан бирга уларнинг саломатлигини ўрганди. 28 нафарига вилоятдаги шифохоналарда даволаниш учун йўлланма берилди, 2 нафар беморда шу куннинг ўзида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Мадаминжон Мадазимов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси:
- Бугунги тиббий кўрик биринчи навбатда фуқароларни ўз саломатликларига эътиборли бўлишга ўргатмоқда. Маҳалла фаоллари билан биринчи навбатда имконияти чекланган ва “темир дафтар”га киритилганларни ўрганиб чиқдик. Тадбирда ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини такомиллаштириш ва аниқланган касалликлар бўйича даволаш ишларини олиб бориш ҳам кўзда тутилган. Андижон шаҳри, Андижон, Асака, Жалақудуқ, Шахрихон ва Жалақудуқ туманларидаги тиббий кўрик хулослари асосида 85 нафар фуқаро зудлик билан даволаниши лозимлиги аниқланди. Улар бизнинг кўмагимиз билан шифохоналарга ётқизилди.
Шу куни “Маҳаллабай” асосида қўшимча соғломлаштириш режалари тузилди. Институт профессор-ўқитувчилари томонидан избосканлик соҳа ходимларининг билим ва кўникмалари оширилди.
Кексалар дуоси
Андижон туманида ташкил этилган навбатдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикка “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” ва “Катта гузар” МФЙларда яшовчи 680 нафар фуқаро таклиф этилди, 32 нафар кекса ёшдагиларнинг хонадонларига кириб борилди.
Хожархон Ортиқова, фахрий:
-Очиғи қачон саломатлигимиз безовта қилса шунда шифокорга учрашга одатланганмиз. Бугун шифокорларнинг ўзлари келиб саломатлигимизни ўргандилар. Анчадан буён юрагим безовта қиларди. Керакли маслахат беришди, муолажаларни бошладим. Фарзандларимга ҳам вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиш фойдали эканлигини тушунтирдим.
“Катта гузар” МФЙда яшовчи Иноятхон Раҳмонова ҳам ташкилотчилардан хурсанд. Сабаби онахон қувватсизиликдан қийналаётганди. Тиббий кўрик натижасида даволанишни бошлади, ўзига эътибори ошди.
Қандай овқатланишни биламизми?
Саломатликнинг асосий омилларидан бири тўғри овқатланиш. Бироқ қандай овқатланишни биламизми? Бу бугун кўпчиликни ташвишга солаётган қандли диабетнинг келиб чиқишига ҳам йўл очади. Жалақудуқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги тадбир айни шу мавзудаги суҳбат билан бошланди. Жамоатчиликка бу борада тушунчалар берилди.
Тарқатма материаллар, буклетлар ва пархез таомлар кўргазмаси барчани тўғри овқатланишга чақирди. Эндокринологлар кўруви натижасида 9 нафар фуқаро қандли диабетга чалингани, бироқ ўзлари буни сезмагани учун шифокорга мурожаат қилмаганлиги аниқланди.
Шаҳноза Юсупова, Андижон давлат тиббиёт инситути кафедра мудири:
-Баъзи бу касалликка чалинганлар тан олишни истамайди. Аксинча, ўз вақтида муолажа бошлаш фойдали. Овқатланиш тартибини ҳам ўзгартириш керак. Шунда ҳар қандай кўнгилсизликни олдини олиш мумкин. Касалликнинг асосий давоси ҳам шу.
Ўқувчи қачон соғлом бўлади?
Ёшлар-келажагимиз. Уларни соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб камолга етиши ўқувчилик давридан бошланади. Шу сабаб уларнинг саломатлигига эътиборли бўлиш зарур.
Халқ депутатлари Андижон тумани кенгаши депутати Зарифахон Ёқубова ташаббуси билан мактабларда ташкил этилган “Келажак сари соғлом қадам” акцияси айни шу мақсадга қаратилди. Ўқувчиларнинг саломатликларини ўрганиш баробарида мактабларда тиббий хизматнинг қандай йўлга қўйилгани ўрганилди.
-Ўқувчи доимий шифокор назоратида бўлса соғлом инсон бўлиб улғаяди,-дейди З.Ёқубова.- Ўсиш ёшида уларда ўзгаришлар кузатилади, касаллик аниқланса тузатиш осон кечади. Шу сабаб мактабларда тиббий хизматни талаб даражасида ташкил этиш лозим.
Тумандаги 17-,21- ва 43- мактаблардаги ўқувчиларнинг кўпчилигида кариес аниқланди. Бу мактабларда стоматолог хизматини йўлга қўйиш зарурлигини кўрсатди.
Шу куни ёшларга ибрат сифатида ўқитувчи ва ота-оналар иштирокида “Саломатлик учун 5000 қадам” тадбири ҳам ўтказилди. Ота-оналар фарзандлари билан пиёда юришни бошладилар.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижолн вилояти
кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг