Янгиликлар 395
Андижонлик «адолатчилар» маҳаллада
Жамоатчиликнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиришларни уларга етказиб бориш Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятида кенг ўрин эгаллайди. Бу борада маҳалла институти билан ҳамкорлик партиямизнинг танилувчанлигини ҳам оширмоқда.
Партиянинг Андижон вилоят кенгаши фаоллари “Сайлов қонунчилиги ва сайловчи” акцияси доирасида маҳаллаларга йўл олдилар. Жамоатчилик орасида бу йил биринчи бор янги тартибда ўтказиладиган сайловлар, сиёсий партияларнинг жараёнда иштироки ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар тушунтирилмоқда. Биринчи бор сайловда қатнашувчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, сайловда овоз бериш фуқаролик бурчи экани ва бу билан Ўзбекистонимизнинг эртанги кунига ўз муносабатларини билдиришлари кўрсатиб ўтилмоқда.
-Андижон туманидаги Садда таги МФЙда ташкил этилган ана шундай тадбир фуқароларнинг фаоллиги остида ўтди,-дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон туман кенгаши раиси Олимбек Раҳимов.- “Менинг танловим-обод ватаним” шиори остида ўтказиладиган сайловлар кўпчиликни қизиқтирмоқда. Номзодлар билан бир қаторда сиёсий партияларга ҳам овоз берилиши сайловчидан фаолликни талаб қилиши табиий. Биз имкон қадар жамоатчиликни фаолиятимиз, мақсад ва ғояларимиз билан яқиндан таништиряпмиз. Ўз ўрнида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг