Янгиликлар 1170
Андижонлик «адолатчилар» соғлом турмуш тарзи йўлида
Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 12 декабрь куни физиатрия ва пульмонология соҳасини ривожлантириш, ОИТС касаллигининг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида масъулиятни янада оширди. Таъкидланганидек, кейинги йилларда коронавирус эпидемияси сабабли юртимизда ўпка касалликлари бўйича диспансер назоратидаги беморлар сони 18 фоизга ошган. Ҳудудларда туберкулёз бўйича 5 хил юқори технологик жарроҳлик амалиётига талаб бўлсада, бу хизматлар талаб даражасида деб айтиш қийин.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва тиббий маданиятни оширишни асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олган «Адолат» СДП фаоллари бу масалага алоҳида эътибор билан қарамоқда. Партиянинг Андижон вилоят кенгашида бўлиб ўтган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди. Унда партия фаоллари билан бирга маҳаллий кенгаш депутатлари ва тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Айтиш лозимки, амалдаги йилда партия ташаббуси билан Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда тиббиёт ходимлари томонидан жойларда ўтказилган тиббий кўрикларда юқоридаги ҳолатни олдини олишга эътибор қаратилди. Тадбирлар доирасида чекка ҳудудларда яшовчилар билан ўтказилган тиббий кўрик ва суҳбатлар касалликларнинг эрта аниқланишига олиб келди. Турли касалликларга чалинган 320 нафардан ортиқ беморлар соғломлаштирилди. Бу айни вақтда жамоатчиликда «адолатчилар»га бўлган ишончни оширмоқда.
Мадаминжон Мадазимов,«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши раиси:
-Президентимиз томонидан юқоридаги масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Тизимда сезиларли ишлар амалга оширилаётганига қарамай айрим касалликлар сони ортиб боряпти. Жумладан, йиғилишда одам иммунитети танқислиги вируси билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани айтилди. Бу, албатта, оғриқли масала. Шу сабаб бугун партиянинг «Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик» лойиҳаси доирасида янада фаол иш олиб боришга келишиб олдик. Сафимиздаги шифокорлар, маҳаллий кенгаш депутатлари ва партия фаоллари жамоатчилик орасида тарғибот тадбирларини олиб боради. Мақсадимиз-соғлом турмуш тарзи билан касалликларга қарши курашиш.
Аҳоли ўртасида касалликлар ва унинг оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари бошланди.
«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг