Андижонлик битирувчилар мактабдан тадбиркорликка йўл оляпти

27.10.2021 16:10:35

 

Республикамизда амалдаги йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкам йили”, дея номланиши асносида юрт келажаги бўлган ўғил-қизларга эътибор устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу келажак эгаларига бўлган эътибор ва ғамхўрликни янада оширди. Жумладан, уларнинг  тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш долзарб вазифалардан бирига айланди.

Андижонда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш талаб даражасидами? “Адолат” СДПдан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари жамоатчилик назорати тартибида айни шу масалани ўрганди ва халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашидаги Депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида бу масала муҳокама этилди. 

Кўрсатиб ўтилганидек, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузаларида ёшлар масаласига тўхталиб, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш лозимлигини алоҳида  таъкидламоқда. Чунки амалга оширилаётган ишларга қарамай  улар орасида ишсизлик тўла бартараф этилмоқда, деб айтиш қийин. Шу боис, олдимизга ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоятда  ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Молия ва таълим муассасалари,  МФЙлар ҳамкорликда иш олиб бориши белгиланди. Молиявий кўмак масаласи алоҳида кўзда тутилган. Яна бир эътиборли жойи “Мактабдан тадбиркорликка” лойиҳаси асосида режали иш бошланди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” деган ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, мактабдан бошлаб фарзандларимизни тадбиркорликка йўналтириш мақсадга мувофиқдир.

Илгарилари айрим битирувчиларнинг ота-оналарида фарзандим энди қаерга боради, деган савол туғилгани табиий. Йўқ, энди бунга жавоб аниқ: фарзандингиз кўчада қолмайди. Чунки бу борада аниқ тизим яратилди.

Андижонда 2020-2021 ўқув йилида ўрта мактабни тамомлаган битирувчиларнинг  7 минг 828 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган. Ўз ўзидан савол туғилади: уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали бандлигини таъминлашда қандай натижага эришилди? Бу борада сезиларли ишлар қилинди, деб айтиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида талабгорларнинг ҳар бири банк ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. Бунда  11-синф битирувчиларига ўз ўзини иш билан банд қилиш учун кредитлашнинг 5 та тамойили (қайтарувчанлик, муддатлилик, таъминланганлик, тўловлилик, мақсадлилик) асосида имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилди. Битирувчилардан  онлайн платформа орқали берилган ариза, паспорт нусҳаси, яшаш манзилидан фаолият юритиш шароитга эгалиги тўғрисида МФЙ тавсияномаси, маҳсулот етказиб берувчи корхона билан тузилган олди-сотти шартнома, кредит олиш учун ташкил этилган курсларда ўқиганлиги тўғрисидаги сертификат хужжатлари талаб этилади. Бундан ташқари кредит маблағларини мақсадли ишлатиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ҳам  шарт. 

Юқоридаги тартибга кўра, шу кунга қадар 36 ой муддатга йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан талабгорларнинг 3 минг 618 нафарига кредит маблағлари берилди. Уларнинг лойиҳалари асосан тикувчилик, чорвачилик  ва иссиқхона фаолиятига қаратилган.

Банк ходимлари маҳаллаларда ўтказилган суҳбатларда тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантириш хусусида тушунча бердилар. Тайинли бир ҳунар эгаси бўлганлар билан алоҳида иш олиб борилди. Чунки улар учун маблағ бўлса бас, қолгани ўз қўлида.

Вилоятдаги барча туманларда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш  бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Асака туманида 1087 нафар битирувчилар кредит олиш истагини билдирган. Уларнинг 935 нафарига 6 млрд. 944 млн. сўм кредит ажратилди. Ҳозирда яна 152 нафари ўрганилиб, кредит билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Андижон тумани Ю.Мамажонов маҳалласида яшовчи Шоҳсанам Жўраева амалдаги йилда 1-мактабни тамомлади. Дарсдан бўш вақтларида тикувчилик билан шуғулланиб келган. Шу сабаб тадбиркорликка қўл урди, унинг ташаббуси қўллаб-қувватланди. 22 миллион 500 минг сўм кредит ҳисобига 4 та тикув машинаси сотиб олди. Натижада у ўқувчилик давридаёқ тадбиркорга айланди.

-4 нафар тенгдошим билан иш бошладик,-дейди Ш.Жўраева.- Ҳозирда биз тиккан 15 дан ортиқ турдаги болалар ва аёллар кийимларининг бозори чаққон. Яқинда махсус кийимлар учун буюртма олдик. Топилган даромад ҳисобига кредит маблағини ҳам қайтаряпмиз. Йил охирига қадар фаолиятимизни янада кенгайтирамиз.

Шоҳсанамнинг бу ташаббусига маҳалладошлари ҳавас билан қарамоқда. 5 нафар вақтинча ишсиз қизлар ундан тикувчиликни ўрганяпти. Ёш тадбиркор уларнинг бандлигини таъминлаш ҳаракатида.

Андижон шаҳар “Шодлик” МФЙда яшовчи Абдулҳаким Шералиев ва Хотамжон Шербоевлар ҳам бу йил ўрта мактабни тамомлади. Уларни бизга қилган мурожаати эътиборимизни тортди. Пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган бизнес режаларини қўллаб-қувватлаб, ҳар иккисига 24 миллион 500 минг сўмдан кредит берилди.

Ёш косибларнинг маҳсулотлари сифатлилиги ва нарҳининг арзонлиги билан водий бозорларида ўз харидорини топмоқда.Ўтган сентябрь ойида 5 минг жуфт эркаклар туфлиси ишлаб чиқарилди. Даромад ҳам шунга мос равишда ўсиб боряпти. 

Албатта, яратилган имкониятдан самарали фойдаланаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шу ўринда ота-оналар ва битирувчилар бир масалага эътибор қаратиши лозим. Айрим битирувчилар кредит маблағларини тўлиқ нақд пулда берилишини сўрайди. Бу мақсадсиз сарфланишга олиб келади. Шу сабаб бундай ҳолларда уларнинг аризалари рад этилади. Агар ажратилган кредит маблағлари мақсадсиз ишлатилса, шартнома бир томонлама бекор қилиниб муддатидан олдин ундирилади. 

Иброхимжон МИТИЛЛАЕВ,

  халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+