Янгиликлар 2024
Андижонлик сафдошларимиз тошлоқда хазина яратмоқда
Қишлоқ хўжалигида ўзига хос тажриба мактабини яратган андижонликлар кейинги йилларда соҳага қатор янгиликларни олиб кирмоқда. Пахтаобод туманидаги «Мега агро» масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган инновацион иссиқхона бунга ёрқин мисол бўла олади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли, мазкур МЧЖ раҳбари Муҳаммадамин Мадаминов изланувчан ёшлардан. 2017 йилдан буён иссиқхоналар ташкил этиш билан шуғулланади. Бу борада хориж тажрибасини ўргангани қўл келмоқда. Улар тайёрлаётган янги технология асосидаги метал конструкцияли иссиқхоналарга буюртмалар сони ортиб боряпти.
Амалдаги йилда тадбиркор сафдошимиз ўзи тайёрлаган иссиқхонада гидропоника усулда айсберг карам етиштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бунинг учун “Ҳаётбахш” МФЙ ҳудудидаги фойдаланилмай турган ер танланди. Умумий майдони 16 гектардан иборат бу жой илгари тош-шағал карьери бўлган. Тошлоқ бўлганлиги сабаб экин экилмасди.
Тадбиркорнинг ҳаракати билан истиқболли лойиҳа йўлга қўйилди. Бошланишига Испания технологияси асосида 1 гектар майдонда иссиқхона барпо этилиб, айсберг карам экилиши тизимда янгилик бўлди. Бунга қўшимча 5 гектар очиқ майдонда ҳам шу усулда кўчат парвариш қилинди.
Эътиборлиси, замонавий технологияда экин полиэтилен қувурчалар орқали суғорилади. Барча ишлар автоматлаштирилган. Сув исроф бўлмайди, доимий айланиб туради. Ўғитлашда ҳам қўшимча ҳаражатнинг олди олинади. Бу кўриниб турган тежамкорлик. Ҳатто томчилатиб суғоришдан ҳам афзал, ортиқча харажат талаб қилмайди.
Гидропоника усулидаги карам плантация ҳавасингизни келтиради. Атиги бир ойда ҳосил тайёр бўлиши ва очиқ майдонда йилиги тўрт бор, ёпиқ иссиқхонада олти маротаба ҳосил олиниши ўрганишга арзирли. Бу ўз ўрнида катта даромадни кўрсатади.
-Деҳқончилик борасида Россия давлатида тажриба орттирганман,-дейди М.Мадаминов,- Лойиҳамиз учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер кифоя. Ҳосилдорлик ва даромад юқори бўлади. Давлатимиз раҳбари яқинда Андижонга ташрифи чоғида фаолиятимизни юқори баҳоладилар. Ўз ўрнида бу усулни республика бўйича оммалаштириш ва металлургия комбинатини ташкил этиш таклифини бердилар. Бу зиммамиздаги масъулиятни янада оширди.
Изланувчан тадбиркор бошчилигида айни вақтда лойиҳанинг навбатдаги босқичи устида иш олиб бориляпти. 2 гектар майдонга Туркия ва Испаниядан олиб келинган замонавий ускуналар ўрнатилмоқда. Бу йилига 280 тонна помидор ва бодринг, 6 миллион дона кўчат ва турли кўкатлар етиштириш имконини беради.
Албатта, етиштирилган маҳсулотлар юртимиз бозорларининг тўкинлигини таъминлаш баробарида хорижий давлатларга экспорт қилинади. Бошланишига йилига 1 миллион 500 минг долларлик экспорт кўзда тутилмоқда.
Ҳар қандай янгилик ривожланишга, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур корхонада ҳам 100 та иш ўрни яратилди. Ишга қабул қилинганларнинг 14 нафари партиядошларимиз.
Тошлоқда ҳазина яратаётган тадбиркорнинг бу ташаббуси республикамиз бўйлаб қанот ёзишига сира шубҳа йўқ. Бу андижонликларга хос ташаббускорликнинг яна бир ифодаси.
Акбаржон Назаров
Фикрингизни қолдиринг