Янгиликлар 2552
“Ақлли тиббиёт”нинг афзалликлари таъкидланди
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят ҳамда Самарқанд шаҳар Кенгаши томонидан Самарқанд шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиш, “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур давра суҳбатида партиянинг вилоят ҳамда шаҳар Кенгаши фаоллари, халқ депуталари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари, оилавий поликлиникалар шифокорлари иштирок этишди.
Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан партиянинг вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бабабекова ривожланишнинг инновацион йўлидан бораётган мамлакатларда “ақлли” технологиялар барча соҳаларда кенг татбиқ этилаётганини айтди. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида жорий йил якунига қадар мамлакатимиз тиббиёт соҳасида “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий маълумотлар маркази” концепцияларини мавжуд шароитларга мослаштириш ва татбиқ этиш белгиланган эди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз сайловолди дастурида келгуси фаолиятимиз учун ечимини кутаётган зарур вазифалар сифатида тиббиёт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Тиббиёт соҳасига “Ақлли тиббиёт”ни жорий этиш, шифохоналарга бюджетдан маблағ ажратилишини даволанган беморлар сони асосида амалга ошириш, маблағларни касалликлар профилактикасига кўпроқ йўналтириш, таълим муассасаларида тиббий хизматни йўлга қўйиш (болалар стоматологик, ясситовонлик хасталиклари) каби ташаббусларини кўтариб чиқмоқда.
Хўш, “Ақлли тиббиёт” ўзи нима? Унинг ишлаш принципи қандай? Мамлакатимизда бу борада қандай ишлар ишлар олиб борилаётгани кўпчилигимизни қизиқтириши табиий. Чунки бу концепция юртимизга янгилик сифатида кириб келмоқда.
“Ақлли тиббиёт” тизими шифокорга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бемор билан алоқа ўрнатиш ва масофадан туриб даволаш имконини беради. Бемор танасига ўрнатилган махсус датчик ва чиплар орқали шифокор қаерда бўлишидан қатъий назар, бемор саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотлардан хабардор бўлишини таъминлайди.
Мисол учун, ҳаётий кўрсаткичлар — тана ҳарорати, қондаги қанд миқдори, артериал қон босими ҳақидаги ахборот шифокорга келиб туради. Бу сурункали ва яширин кечувчи касалликлар профилактикасида, уларни аниқлаш, беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва даво чораларини тайинлашда муҳимлиги ҳақидаги маълумотлар халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати, Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош шифокори Дилфуза Камолова томонидан айтиб ўтилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан халқимизнинг турмуш фаровонлиги, уларнинг саломатлик кўрсаткичларини янада яхшилаш бўйича олдимизда турган вазифалар талайгина эканлиги таъкидланиб, шу каби ҳамкорликдаги тадбирлар кўпроқ ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлиши айтиб ўтилди. Бу соҳада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, ечимини кўтаётган масалаларни нафақат тиббиёт соҳаси ходимлари, балки кенг жамоатчилик вакиллари, депутатлар, шунингдек, маҳаллалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликда босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда сўзга чиққан шифокорлар фуқароларимиздан ҳали хавф чекинмагани учун огоҳликни бир дақиқа ҳам йўқотмаслик, беэътибор бўлмаслик лозимлигини таъкидлашди. Аҳолимизнинг белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиши уларнинг давлатга ва шифокорларга берган энг катта ёрдами эканлиги қайд этилди.
Азиз ХАИТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг