Янгиликлар 2117
“Ақлли тиббиёт” соҳа сифатини қанчалик оширади?
“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан “Ақлли тиббиёт - аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатни яхшилашда қўшимча имконият” мавзусида онлайн-конференция ўтказилди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппаратидан вакиллар, партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, депутатлар, ҳудудий тиббиёт муассасалари шифокорлари, партиянинг фаол аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят Кенгаши раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очди ва семинарнинг асосий мақсадига тўхталиб ўтди.
Семинар қатнашчилари дастлаб “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаровнинг “Замонавий тиббиёт тизимини қўллаб-қувватлашда партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши олдида турган муҳим вазифалар” мавзусидаги маърузасини тингладилар.
Таъкидланганидек, партиянинг амалий ҳаракатлар дастурида кўзда тутилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган партиявий лойиҳалар доирасида фуқаролар соғлиғини сақлашни таъминлаш соҳасида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, уларнинг турини кенгайтириш ва фойдаланишга қулайликлар яратишга асос бўладиган, тиббиёт соҳасининг ишлаб чиқариш жараёнларини ахборотлаштириш, дори воситаларининг ноқонуний айланмасини олдини олиш борасида партия фаоллари томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Онлайн анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати бўлим мудири Фазлиддин Зияев мамлакатимизда Ягона тиббий ахборот маркази ва “Ақлли тиббиёт” тизимини амалиётга татбиқ этиш тиббий хизмат сифатини яхшилаш, дори воситаларининг ноқонуний айланмасини олдини олиш, касалликларни олдиндан аниқлаш даражасини ошириш имкониятлари ҳақида сўз юритди.
Дарҳақиқат, ушбу йўналишдаги ишларни босқичма-босқич, тизимли равишда амалга ошириш ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда беморларни даволаш учун кенг имкониятлар яратади. Шунингдек, миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларни ижобий томонга ўзгартириш, барча аҳоли қатламларининг, айниқса, аёллар ва болаларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни кучайтиришда муҳим роль ўйнайди.
Айниқса, шифокорлар томонидан соғлиқни сақлаш тизимида Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни талаблари тўлиқ ижро этилмаслик ҳолатлари ҳам учраб келаётгани айтиб ўтилди. Жумладан, тиббиётга оид долзарб давлат ахборот тизимлари ва ресурслари белгиланган муддатларда тўлиқ ишга туширилмаяпти. Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Соғлиқни сақлаш” комплекс ахборот тизими, “Ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими ва бошқаларни яратиш бўйича вазифаларни амалга оширишда кечикишлар кузатилмоқда.
Тиббиёт ходимларининг ахборот-коммуникация соҳасидаги билим даражаси пастлиги, уларнинг замонавий тиббий технологик ускуналар билан ишлаш кўникмаларининг етишмаслиги каби ҳолатлар ҳам афсуски, учраб туради. Тиббиёт соҳасининг телекоммуникацион инфратузилмаси ривожланмасдан ва технологик талабларга тўлиқ жавоб бермасдан қолмоқда. Компьютер техникалари билан таъминлаш параметрлари ҳам бугунги кун талабларига жавоб бермайди.
Тадбир давомида партиянинг вилоят Кенгаши томонидан “телемедицина” ва “смарт-соғлиқни сақлаш” тизимини фаол жорий этишга қаратилган тиббий амалиётнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
-Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, — дейди Бекобод шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиника бош шифокори, Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати Фируза Асатова — Бунга жойларда ўрганишлар давомида соҳада кўплаб ишлар амалга оширилгани, бу эса, ўзининг ижобий натижаларини бераётганига гувоҳ бўлдик. Аммо аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ҳали ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд. Биз бугун анжуманда муҳокама қилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан депутатлик назоратини олиб бориш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик.
Жонли мулоқот ва савол-жавобларга бой бўлган анжуман сўнгида иштирокчиларга кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Фотима САТТАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг