Янгиликлар 1804
Асосий қомусимизга амал қилайлик!
Бугун Конституциямиз қабул қилинганига 28 йил тўлди. Шу ўтган давр мобайнида бош қомусимизнинг ҳаётимизда тутган ўрни янада мустаҳкамланди. Аҳамиятлилик даражаси ортди. Ундан ўрин олган жамият ва ҳаётда яшаб, ўз имкониятларидан фойдалана олиш, фуқаролик позициясини тўлиқ намоён эта олиш каби муҳим жиҳатлар борки, бу ҳаётимиз қомуси бизлар учун нақадар муҳим эканлигини очиқ кўрсатади.
Биламизки, ундан олдин ҳукмронлик қилган мустабид тузумнинг ўз манфаатлари учун мослаштирилган қонуни якка ҳукмронлик мафкурасига хизмат қилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият эканлиги назар-писанд қилинмаган. Шўро тузуми ишлаб чиққан қонуният фақатгина қўл остида ушлаб турилган мустамлакаларни ўзига бўйсундириб фойдаланиш ва ўрнидан мустаҳкам жилмаслиги учун яратилганлигини ўша даврда яшаб ҳис қилганмиз. Аксинча, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг инсон шахсий ҳуқуқларини энг олий қадрият даражасига кўтарди ва уни бош қомусимизда акс эттирди. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти И.А.Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган. Конституциямиз қабул қилиниш жараёни ва муҳокамаларида минг дан ортиқ фуқаролар ўз таклифлари, мулоҳазалари билан иштирок этди. Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига икки бор қўйилди. Икки йиллик тинимсиз меҳнатлар натижасида Конституция парламент томонидан қабул қилинган эди. Шундан буён биз унга таяниб, суяниб келмоқдамиз. У том маънода жамиятдаги ҳар бир ҳаракатимизни бошқариб туради.
Дунёда кўплаб қонунлар мавжуд. Аммо уларнинг ҳар бири ўз ҳудуди ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда яратилгандир. Шунингдек бизнинг Конституциямиз бунёдга келишида ҳам мамлакат ва жамият ҳаётининг асосий таянчи сифатида миллий менталитетимиз, миллий мерос ва қадриятларимиз инобатга олинган. Энг асосийси, дунёда инсон учун олий қадрият ҳисобланган яшаш ва эркинлик ҳуқуқининг устувор аҳамият касб этиши белгилаб қўйилган. Мамлакатимиздаги Конституциявий суд бош қомусимизда белгилаб берилган ҳар бир модданинг жамиятда амал қилишини тартибга солиб, назорат қилиб туриши ҳам бежизга эмасдир.
Хулоса ўрнида айтганда, бахтимиз пойдевори бўлган Конституциямизни асраб-авайлаб, унга сўзсиз амал қилишни ҳар биримиз ҳаётий дастуриламалга айлантиришимиз лозим.
Барча ҳамюртларимизни бош қомусимизнинг 28 йиллик байрами билан муборакбод этаман.
Бахром ВАЛИЕВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг