Янгиликлар 1719
Асрий анъаналарга садоқат
Халқимизнинг асрий қадриятлари орасида саховат алоҳида ўрин тутади. Азалдан ҳаётда қандайдир қийинчиликка учраган, оғир дардга йўлиққан ёки тақдир зарбасига учраган инсонларга ёрдам қўлини чўзиш олижаноб фазилат ҳисобланган. Айниқса, ҳозир давом этаётган Рамазон ойида шундай эзгу ишларга қўл уриш ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.
Бу борада “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман ташкилоти фаоллари ҳам барчага ўрнак кўрсатмоқдалар. Яқинда улар ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда Поп туманига сафар уюштирдилар. Мақсад – шу ерда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига қарашли “Мурувват” уйида яшовчилар ҳолидан хабар олиш эди. “Адолат”чиларга Ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаоллари, 9-мусиқа ва санъат мактаби жамоаси вакиллари ҳамроҳлик қидилар. Ҳамкор ташкилотлар ҳомийлигида бориб-келиш учун автобус ажратилди.
Маълумки, мазкур интернат-уй ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган. Партиядошларимиз муассасада “Саховат – беназир қадрият” шиори остида тадбир ўтказдилар. Дастлаб меҳмонлар бу ерда истиқомат қилаётганларнинг турмуш шароитлари билан танишдилар. Уларга давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилгани барчани қувонтирди.
Сўнгра ҳамма мажлислар залига тўпланди. “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова даврани олиб борар экан, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги янгиликлардан сўзлаб берди. Барча соҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганлиги таъкидланди. Хусусан, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, таълим, тиббиётни янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида фикр юритилди.
Муассаса ходимларига ва шу ерда истиқомат қилувчиларга совға-саломлар тақдим этилди. Мусиқа ва санъат мактаби педагоглари ҳамда тарбияланувчтлари эса ўзлари тайёрлаб келган концерт дастурини намойиш этдилар. Мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар гулдастаси ҳамманинг кайфиятини кўтарди. Кўпчилик ўзининг хурсандчилигини рақс тушиб ва қўшиқларга жўр бўлган ҳолда изҳор этди.
– Сафдошларимизнинг мазкур муассасага ташрифи барчамизнинг дилимизни равшан қилди, - дейди халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Эркинжон Бориев. – Чунки улуғ айём кунларида кўнгли синиқ инсонлар ҳолидан хабар олиш – ўта олижаноб иш. Албатта, бундай эзгуликка йўғрилган тадбирлар келгусида ҳам бардавом бўлади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг