Янгиликлар 451
Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, Осиё хотин-қизлар форумининг муҳтарам иштирокчилари!
«Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув» мавзусидаги Осиё хотин-қизлар форуми бизнинг юртимизда, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани барча ўзбекистонликларни мамнун этди, албатта.
Ишончим комил, мазкур форум гендер сиёсати, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича самарали мулоқот майдони бўлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида етакчи аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда форум ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. Бугунги нуфузли анжуманимиз мазкур ташаббуснинг амалий ифодасидир.
Миллий ва халқаро тажрибалар уйғунлиги мамлакатимиз хотин-қизлари фаолиятида туб ўзгаришлар ясашига ишончим комил. Бу каби форумлар юртимизда янада кўпроқ ўтказилиши тарафдори сифатида тадбир иштирокчиларининг барчасига омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламан.
Робахон Махмудова,
Сиёсий Кенгаш раиси
Фикрингизни қолдиринг