Аёл – давлат ва жамият билан елкама елка турувчи шахс

05.11.2019 11:11:07

Аёлга муносабат – миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга бўлган ҳурматнинг асосий мезонидир. Бу масаланинг бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлигини англаб турибмиз. Жисмонан, маънавий-маърифий, руҳан юксак бўлган аёлларимиз, оналаримиз  жамиятимизга ҳар қачонгидан ҳам кераклидир. Чунки бола хоҳ қиз, хоҳ ўғил бўлсин, асосан, она ёнида бўлади, унинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари она тарбияси туфайли шаклланади ва кўпгина хусусиятлари унга она сути билан ўтади. Она фарзандини  ҳомилалик давридаёқ тарбиялашни бошлайди.

Ахборот маконида маънавий террор авж олаётган паллада оналарнинг соғлом фикри, дунёқараши, маърифати миллат учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Бугун қурол-яроғдан кўра мафкуравий урушлар, маънавиятга таҳдидлар кучайиб борар экан, бу таҳдидлар таъсиридан жамиятни асраш вазифаси оилалардан бошланмоғи кераклиги асосий масалага айланди. Ваҳоланки, оналар том маънода Ватан, миллат,  ўзлигимиз ҳимоячиларидир.  Бу жиҳатлар улар тарбия қилаётган фарзандлар садоқати, меҳнати, фидокорлигида намоён бўлади.
Алишер Навоий ҳазратлари аёлларга “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг ўттиз еттинчи “Кадхудолиғ сифати ва хотунлар зикрида” деган фаслида “Мувофиқ тушса кадбону, давлат ва жамиятға бўлмоқдурур ҳамзону” дея таъриф берадилар. Яъни, кадбону - уйнинг бекаси мувофиқ – рисоладагидай бўлса, давлат ва жамият билан ёнма-ён, елкама-елкадир. Давлат ва жамият олдида бугунги замонавий аёлнинг масъулияти, вазифалари ортиб бораётганлиги бежиз эмас.
Фарзандларимизнинг  ёт ғоялар таъсирига берилмаслиги, алдовларга учмаслиги, тўғри йўлдан тоймаслиги учун миллат оналарининг зиммасидаги масъулият залворлидир. Бежиз Ватан сўзи она сўзи билан уйқаш эмас. Ҳар тонг уйғониб, кўрган қадрдон уйини, қувонч-ла кутиб олган, ҳар гўшани гулга безаган она юрт баҳорини, тансиқ мевалар тутган меҳри қайноқ ёзини, олтин кузини, сокин уйқуларга чўмган оппоқ қишларининг қиёси йўқ.  Ва унинг ҳар муждаси она билан боғлиқдир.  

Бундан бир неча йил олдин  бир воқеа  ниҳоятда менга  кучли таъсир қилган  ва қалбимни титратиб  юборган эди. ИШИД жангарилари таркибида жиноий ишлар содир этиб, ўзи ҳам портлаб кетган йигит менинг қўшним бўлганлигини  англаганимда эса алланечук ўз-ўзимда ҳам айбдорлик ҳисси уйғонди.   Мен бу оилани яхши билардим. Оддий, камтар, меҳнаткаш оила.
Ўша йигитнинг болалик чоғларини эслайман. Онаси ҳар йили фарзанд кўрарди. Оиланинг моддий таъминоти яхши эмас, шунданми  болалар жисман заиф туғилар,  ёки кичиклигида тутқаноқ бўлар, ё касал бўлиб вафот этарди. Давлат томонидан унга ҳомиладорлик чоғи озиқ-овқат, мактабда таҳсил оладиган  болаларига  бепул уст-бош бериларди. Онанинг  ўз фарзандлари тарбиясига ёшлигидан бефарқлиги ўз оқибатини кўрсатганди. Лекин бир болага 7 маҳалла ота-она деганларидек, балки мен ҳам эътиборсиз бўлгандирман, деган ўй кўнглимга изтироб солди.  

Ривоятга кўра,  бир  ҳомиладор аёл меҳмонга борганида игна билан анорни ўғринча тешиб, сувини татиб кўрган. Боласи  туғилиб, улғайгач эса  ўша игна бигизга айланиб, одамларнинг мешини тешган. Албатта, бу каби ҳаётий мисоллар барчамизга ибратдир. Фарзанд тарбияси қанчалик нозик эканлиги ва  масъулият билан  ҳаллоллик, эзгуликни сингдириш зарурлигини англатади.

Қолаверса, энг аввало, миллат оналари ўзларини чуқур ислоҳ қилишлари,  адолат,  тенглик, тўғриликни ҳаётий позицияга айлантирмоғи зарур. Зеро, она сути билан кирган ишқ – Ватанга муҳаббат ҳақиқий бўлади! Демак, оилада, жамиятда аёлнинг мақоми баланд бўлса, миллатнинг кўкси осмон бўлади. Аёлга муносабатимиз бизнинг кимлигимизни англатади, келажагимизни белгилайди.

Ўз ўрнида бу жиҳатлар Ўзбекистон  “Адолат” социал-демократик партиясининг сайловолди дастурида ўз аксини топганлиги партия мақсад ва вазифаларининг ҳаётий ва халқчил эканлигидан далолатдир.

 Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

 “Фарғона ҳақиқати” – “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти  бош муҳаррири,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+