Янгиликлар 1771
Аёл ва фан: Гендер жиҳатлар
Фарғона давлат университетида мазкур олий таълим муассасаси қошидаги Гендер тенглиги тадқиқотлар маркази ташаббуси билан “Аёл ва фан: Гендер жиҳатлар” мавзусида халқаро онлайн конференция ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги, Олий Maжлис Сенати, Республика Гендер Тенглиги Маркази, «Қалб нури» аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази, вилоят «Тадбиркор аёл» уюшмаси ҳамкорлигида Фарғонада илк маротаба ўтказилаётган ушбу ҳалқаро онлайн конференцияда хорижий давлатлар элчихоналари, экспертлар, Республикамиз ва хориждаги етакчи олий таълим муассасалари олимлари иштирок этдилар.
Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот атташеси – Сьюзан Вуд, БМТнинг аёллар бўйича маслаҳатчиси, Озарбайжон давлат университети профессори – Рена Иброҳимбекова, Қирғиз-Россия Славян университети, юридик фанлари доктори, профессор, КРСУ кафедра мудири – Анара Ниязова, Ўзбекистон Олий таълим вазирининг маслаҳатчиси – О.Р. Жамолдинова, «Чет тиллар ва маданиятлар орқали дунёга кириш» маркази асосчиси, АҚШнинг Вайоминг университети қошидаги инглиз тили маркази координатори, гуманитар фанлари доктори – Дилноза Хасилова, «Психосфера» амалий психология маркази бош директори, Россия Федерацияси Когнитив-Бехавиорал Психотерапия Уюшмаси аъзоси, психология фанлари бўйича фалсафа доктори – С.Р.Юлдашев, «Калб Нури» аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази директори – Д.Тўхтасинова, Фарғона вилояти «Тадбиркор аёл» уюшмаси раҳбари – Дилором Меҳмонова, Андижон давлат университети Гендер тадқиқотлар маркази раҳбари, педагогика фанлари доктори, профессор – Зиёда Азимова, Наманган давлат университети раҳбари, педагогика фанлари доктори, профессор – Ўғилой Асқаровалар конференцияда ўз маърузалари онлайн чиқиш қилдилар.
Тадбирни кириш сўзи билан тантанали равишда очиб берган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ташаббускорларга самимий миннатдорчилик билдирган ҳолда, Фарғонада илк маротаба ўтказилаётган мазкур конференция ишига мувафаққият тилади.
Сенат раиси томонидан таъкидланганидек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир гуруҳ аёл раҳбарлари янги платформа – лидер аёллар ўртасида Марказий Осиё мулоқотини яратиш ташаббуси билан чиқдилар. Мақсад минтақадаги аёлларни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ролини оширишда қўллаб-қувватлаш ва минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт билан боғлиқ масалалар бўйича қарор қабул қилиш жараёнларига кўпроқ таъсир ўтказиш имкониятларини кенгайтиришдир. Бундай давлатлараро тузилманинг шаклланиши билан гендер тенглиги масалалари бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун мутлақо янги маслаҳат майдончаси шаклланмоқда.
Дарҳақиқат, Нарбаева ўз маърузасида алоҳида қайд этганидек, 2021 йилда мазкур мулоқотга раислик қилиш Ўзбекистонга ишониб топширилган ва Марказий Осиё давлатлари аёллар етакчилари кенгашининг раиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси биринчи марта раислик қилиши бу жуда катта имконият ва масъулият.
Бизнинг олдимизда аёлларнинг жамиятдаги имтиёзли мавқеига эмас, балки уларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва имкониятларини таъминлаш вазифаси турибди – дейди Сенат раиси конференция иштирокчиларига ўз сўзида.
Ушбу халқаро конференциянинг Ўзбекистон “Адолат” СДП учун аҳамияти жуда юқори бўлиб, бунда партия Сайловолди дастурида илгари сурилган аёлларнинг жамиятда тутган мавқеини янада ошириш, уларнинг бошқарувда ва сиёсатда иштирокларини кучайтириш, олима аёлларга зарур илмий шарт-шароитлар яратиш вазифаларига ечимлар изланган бўлса, яна бир қувонарли жиҳати, мазкур тадбирнинг тақдирлаш қисмида Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, Фарғона вилояти “Тадбиркор аёл” уюшмаси раҳбари – Дилором Меҳмоновага рағбанлантириш эълон қилинди.
Депутатимизнинг олий таълим муассасаси ва олима аёллар билан олиб бораётган ҳамкорлиги, фидойилиги, узоқ йиллик самарали меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Фарғона давлат университетининг "фахрий профессори" дипломи билан тақдирланди. Шунингдек, Дилором Меҳмонованинг илмий қарашлари долзарб ва келажак авлод таълими учун зарур аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда унга "Турон" фанлар академиясининг кўкрак нишони ҳамда "Турон" фанлар академиясининг фахрий академиги" илмий унвони ҳам топширилди.
Фарғона давлат университети
матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг