Янгиликлар 1632
Аёлга зўравонлик қилманг
Сўнгги вақтларда жамиятимизда аёлларга, ёш қизларга нисбатан зўравонлик ишлатиш, уларни зўрлаш ҳолатларини кўп эшитиб, ўқиб қоляпмиз. Масалан, 13 май куни Андижонда беш нафар маст эркак шу маҳаллада яшайдиган ёшгина келинчакни далада ушлаб олиб, бир неча соат давомида уриб, номусига текканлиги, Самарқанд вилоятида ўқувчи қиз ўлдирилганлиги ва унинг қариндошлари томонидан қизни 4 нафар эркак гуруҳ бўлиб зўрлашганини гумон қилаётганлиги каби маълумотлар ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Зўравонлик қилган эркак, ор-номуси поймол бўлган аёл... Бундай воқеалар икки жинс вакилининг ҳаётига турлича таъсир ўтказади.
Аёлларга зўравонлик қилган эркак қилмишлари учун қонун доирасида етарлича жазога тортилар, қамалар, лекин уларнинг қилган ушбу қабих ишини жамият, ён атрофдагилар “йигитчилик” деб қабул қилишади, давраларга қўшишади, аммо аёлчи? У бир умр атрофидагилар учун айбсиз айбдор бўлиб қолаверади. Жамиятда ўрнини тополмай бутун умри давомида қийинчиликларга дуч келаверади. Бу каби ҳолатлар учрамаслиги учун барчамиз бирдек жавобгарлигимизни англашимиз, оилада йигитларга тўғри тарбия бериш, қизларни ҳурмат қилишга ўргатишимиз керак.
Гарчи сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, бу каби хотин-қизларга нисбатан бўлаётган зўравонлик ҳолатларининг учраб тургани ҳали олдимизда ечилиши лозим бўлган масалалар етарли эканлигини намоён этди. Айниқса, Андижондаги ёш келинчак билан бўлган воқеага уч кун ўтса ҳамки, ҳаммаёқ сув қуйгандай жим-жит.
Ички ишлар ходимлари масъуллари бундай жирканчлик ортида она, аёл, энг асосийси инсон тақдири, унинг ҳаёти, соғлиғи турганини инобатга олиши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Самарқанд ва Андижондаги ҳолатлар совуққонлик билан текширилиши ва ҳар бир айбдор учун қонуний жазо тайинланиши лозим.
Зеро, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси англаши лозимки, хотин-қизларга зўравонлик уюштириш, уларнинг қадр-қимматини оёқ ости қилиш ўта оғир жиноят ҳисобланади.
Гулнисо САИДОВА,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати
бошқарма бошлиғи
Фикрингизни қолдиринг