Янгиликлар 1354
«Аёллар дафтари»га киритилган янгиликлар билан таништирилди
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқейини ошириш бўлими ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид Давлат дастури»да белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилган тадбир ўтказилди. Олмазор туман ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши Аёллар қаноти вакиллари, депутатлар, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Олмазор туман ҳокимлиги, тумандаги маҳаллаларнинг фаол аёллари иштирок этишди.
Тадбирни Олмазор туман ҳокимининг аёллар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Муҳаррамхон Дадаходжаева кириш сўзи билан бошлаб, учрашув мақсади, вазифалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Гаибназарова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Ходжаевалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» тўғрисидаги фармони мазмун-моҳияти ҳамда ундаги мақсадлардан бирида келтирилган ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тушунчалар бериб ўтди.
Шунингдек маҳаллаларда «Аёллар дафтари» бўйича амалга оширилаётган ишлар, амалиёт ва истиқболдаги режалар тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволлар билан маърузачиларга мурожаат қилишди ва батафсил жавобларни олишди. Тадбир жуда қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг