“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” – ҳаёт зарурати

10.11.2020 19:11:34

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” нима? Нега уни ташкил қилишга эҳтиёж туғилди. Умуман, жамиятда ушбу қатламга эътибор қаратилишидан қандай мақсадлар кўзланган?

“Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” муаммоларни бир кунда ҳал этиб берадиган сўров эмас.

Айни кунларда мазкур топшириқ ижроси юзасидан “Адолат” СДП Зангиота  тумани Кенгаши  ҳудуд вакиллари билан хамкорликда амалий ҳаракатларини амалга оширмоқда.

Маълумки, юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар” тузилган эди. Энди худди шунингдек, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” шакллантирилмоқда. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ёшлар, хотин-қизлар киритилади. Улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.  Биринчи навбатда сўровлар натижалари тўрт сектор фаолиятининг асосий йўналиши бўлади. Яъни, маҳалла фаолларидан тортиб, туман сектор раҳбарлари учун асосий дастур сифатида фойдаланилади. Қолаверса, давлат дастурларини тузишда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини амалга оширишда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш кераклиги хусусидаги маълумотлар базаси сифатида қўлланилади. Кейинчалик мазкур рўйхат асосида ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш мумкин. Масалан, оилавий психолог хизмати ва туман адлия бўлимлари орқали ҳуқуқий маслаҳатлар бепул ташкил қилинади. Дафтарлар билан ишлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан самарали фойдаланилади.

-Маҳалламизда тўрт мингга яқин  аҳоли истиқомат қилади, - дейди “Қуёшли” маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Мастура Нуралиева. – Айни пайтгача икки мингдан кўпроқ киши ўртасида сўров ўтказилди. Сўровни амалга оширишда маҳалла фаоллари, кўчабошилар, шунингдек, бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам ёрдам бермоқда. Муҳими, бирорта хонадон четда қолмаслиги ва сўровнинг ҳар бир саволига аниқ жавоб олишдир. Ушбу сўров амалга оширилгач, бизда мавжуд “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” янада мукаммаллашади. Сабаби, айни пайтда ўтказилаётган сўровда нафақат сўралганларнинг ижтимоий ҳолати, балки уларнинг қизиқишлари, қандай иш қўлидан келиши, қандай имкон берилса уни уддалаб кета олиши ҳақидаги фикрлар ҳам жамланади.

Айни кунларда туманда  “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”ни шакллантириш юзасидан масъул раҳбарлар иштирокида хатлов ўтказилмоқда. Бунда адолатсизликка йўл қўймаслик, хатлов жараёнларида ҳеч ким эътибордан четда қолиб кетмаслиги учун тегишли ташкилотлар хамкорлигида жадал  ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда  аҳолини камбағалликдан чиқариш,  хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш тизими бўйича ижобий тажрибаларини ўрганиш ва улардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Маданий-маърифий, тарғибот  ва спорт тадбирларига аҳолининг  уюшмаган қатлами, “Темир дафтар”га киритилган оила вакиллари, эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда кекса авлод вакиллари,  тадбиркор ва фермерларни кенг  жалб этишда биз партия фаоллари, депутатлари ҳам фаол  ва камарбаста бўламиз. 

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз сайловолди дастурида бугун жамиятдаги  ҳар  бир аёл демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлишини, ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишларига имконият яратиб беришни ўз олдидаги устувор вазифа сифатида белгилаб олган.

Бу эса, ўз навбатида, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллиги ҳамда ролини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишни мустаҳкамлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “Адолат” СДП депутатларидан ҳам улкан масъулият талаб қилади.

 

Нигора ХАЛХОДЖАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Зангиота тумани Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Зангиота тумани депутати,

“Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби” аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+