Аёллар етакчиси “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди

07.10.2020 18:10:06

 

Шаҳноза Ғаниева Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Фарғона вилоят Кенгашининг раиси сифатида аёллар ва хотин-қизларнинг ҳунарли бўлишларига алоҳида аҳамият қаратди. Ўзи раҳбарлик қилиб келаётган “Ибратли бекам” ўқув маркази ҳамда “Фарғона Роза-ал” хусусий корхонаси орқали кўплаб ёшларнинг иш ўрнига эга бўлишини таъмин этди. Йил давомида ўқув марказининг 18 нафардан ортиқ тажрибали мутахассислар томонидан 1000 дан зиёд хотин-қизларга касб-ҳунар сирлари ўргатилади. Уларнинг аксарияти жамиятда ўз ўрнини эгаллаб, мустақил равишда тадбиркорлик фаолиятини юритмоқда.

Тадбиркор ва ишбилармон партиямиз фаоли ўзининг билими, профессионал маҳорати билан Аёллар қаноти фаоллари орасида ажралиб туради. 2015 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ўтказилган “Адолатчи аёл” кўрик-танловининг Республика босқичида  2-ўринни эгаллади. Хотин-қизларнинг маънавий-маърифий, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ташкил этилаётган кўрик-танлов, семинар ва бошқа тадбирларда фахрли ўринларни эгаллаган хотин-қизларни марказда бепул ҳунар ўрганишларини таъминламоқда.

Куни кеча Ш.Ғаниеванинг коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлардаги фаол иштироки муносиб баҳоланди.  “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

–  Фаолиятим давомида ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш билан биргаликда, уларни иш билан таъминлаш мақсадида
ўз ҳисобимдан 3 та тикув машиналари ва зарур дастгоҳлар билан моддий шароитларини яхшилашга ҳаракат қилдим,  – дейди Аёллар қаноти раиси. – Менга берилган мукофот, билдирилган ишончдан жуда ҳурсандман.  Шижоатимга шижоат қўшилди.

Партиямиз фаолини муваффақият билан табриклаб, ишларига ривож тилаймиз.

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+