Аёллар фикри қандай?

14.01.2022 09:01:26

Янги йил бошлангандан бери мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида қатор муҳим воқеалар рўй берди. Улар орасида ҳеч шубҳасиз, Президентимизнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси алоҳида ўрин тутади. Мазкур ҳужжат кенг жамоатчиликнинг катта диққат-эътиборини тортгани бежиз эмас. Чунки унда юртимизда  яқин келажакда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг туб мақсадлари ва устувор йўналишлари ўз аксини топган. Ватан келажаги ҳақида қайғурадиган, унинг янада ривожланишини истайдиган ҳар бир киши бунга бефарқ бўла олмайди.

         Куни кеча вилоят Кенгашида “Аёллар қаноти”нинг фаоллари иштирокида тадбир бўлди. У бошланишидан олдин ва тугашидан кейин опа-сингилларимиз билан турли мавзуларда суҳбатлашдик. Шу жумладан, мен уларнинг юқорида зикр этилган Фармон лойиҳаси ҳақидаги фикрларини сўрадим. Уларнинг сўзларини умумий махражга келтирадиган бўлсам, барчалари  Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг пировард мақсади халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилганлигини эътироф этдилар. Лекин шу билан бирга ўзаро мулоқотда юксак марраларни эгаллаш осон эмаслиги тўғрисида ҳам гап борди. Ҳар бир меҳнат жамоасидан, ҳар бир кишидан астойдил меҳнат қилиш, жамият манфаатларини устун қўйиш, юксак даражада тартиб-интизомни таъминлаш талаб этилиши очиқ-ойдин айтилди.

         Масалан, “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедованинг касби қурувчи-муҳандислиги сабаблими, кўпроқ иқтисодий масалаларга тўхталди. Бу борада у асосий эътибор тармоқлар трансформациясига ҳамда   тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилаётганлиги ниҳоятда тўғри эканлигини таъкидлади. Бусиз иқтисодий тараққиётга эришиш ами маҳол. Сиёсий партияларнинг вазифаларига келганда эса, улар  фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшишлари мумкин. Биз, “адолатчи”лар айнан шу йўлдан боришимиз даркор. Фақат бунинг учун фаолиятни янада такомиллаштириш, ҳамма сафдошларимиз куч-ғайратини ана шу муҳим мақсад йўлида оширишимиз зарур. Бу, ўз навбатида  фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, жамиятда қонун ва ҳуқуқ устуворлигини қарор топтиришга ҳам кўмаклашади.

         Халқ  депутатлари Учқўрғон туман кенгашининг депутати Феруза Абдуллаева лойиҳадаги ижтимоий соҳаларни ривожлантириш юзасидан тақдим этилаётган режаларнинг улуғворлигига тўхталди. Унинг фикрича, яқин келажакда мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш, унинг сифатини такомиллаштириш, миллий мактабларни кўпайтириш ва замонавийлаштириш, ўрта махсус таълимнинг замонавий тизимини вужудга келтириш, олий таълимни халқаро андозаларга мослаштириш чоралари кўриш режалаштирилганлиги диққатга сазовор. “Мен педагог бўлганим учун бу масалаларнинг нақадар муҳимлигини яхши тушунаман, - деди у. – Биз бу ҳақда бошқа касбдошларим билан ҳам ўзаро суҳбатлашдик. Тараққиётни таъминлаш учун кўплаб юқори малакали кадрлар зарурлигини, бунинг учун эса таълимни ривожлантириш кераклигини англамаган инсон йўқ.”

         Партиядошларимиздан Ёрқиной Ҳожиматова, Ноила Саримсоқова, Нозима Акбарова, Венера Отажонова ва бошқаларнинг мулоҳазалари ҳам Фармон лойиҳаси ҳақидаги тушунчаларимизни янада бойитди. Чунки улар соғлом ижтимоий-маънавий муҳит яратиш, инсон қадрини улуғлаш,  маҳалланинг фаол моделини жорий этиш, уни аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун зарур ресурслар билан таъминлаш каби долзарб масалаларни тилга олдилар.

Дилшода ТУРҒУНОВА,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+