Аёллар қаноти раиси «Шуҳрат» медали билан тақдирланди

09.03.2022 20:03:01

Давлатимиз раҳбари 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан давлат ва жамият ҳаётида фаол бўлган бир гуруҳ аёл-қизларни мукофотлади.

Турли соҳаларда хизмат қилиб, меҳнати ва фидойилиги билан ватанимиз ривожига ҳисса қўшаётган хотин-қизлар қаторида «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши қошидаги аёллар қаноти раиси Шаҳноза Ғаниева ҳам бор. Фарғона шаҳридаги «Ибратли бекам» ўқув маркази раҳбари сифатида ҳам наъмунали фаолият олиб бораётган фаолимиз «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Қаҳрамонимиз хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, ёш қизларни ҳаётга тайёрлаш, уларни тадбиркорликка ўргатиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Фарғона шаҳрида 2005 йилда «Ибратли бекам» ўқув марказини ташкил этиб, 10 га яқин йўналишда касб-ҳунар сирларини ўргатишни йўлга қўйган. Мазкур нодавлат ўқув марказида 18 ортиқ тажрибали мутахассислар томонидан йил давомида 1000 дан ортиқ хотин-қизларга касб-ҳунар сирлари ўргатилиб, уларни иш билан таъминланишида амалий ёрдам кўрсатилади.

Ш.Ғаниева томонидан Фарғона шаҳрида жойлашган ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, айниқса, ногирон, кам таъминланган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш билан биргаликда, уларни иш билан таъминлашга эътибор бериб келинмоқда.

Сафдошимиз бугунги кунда хотин-қизларнинг маънавий-маърифий, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ташкил этилаётган тадбирларда партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши қошидаги аёллар қаноти етакчиси сифатида жуда фаол. Кўрик-танловларида, семинарларида ва бошқа тадбирларида фахрли ўринларни эгаллаган хотин-қизларни марказда бепул ҳунар ўрганишлари йўлга қўйилган.

– Қизларимизнинг бахтли, саодатли бўлиши учун улар аввало, ўқимишли, ҳунарли бўлишлари лозим. Улар эртамиз эгаларини тарбия қиладилар. Демак, биз келажак авлодимизнинг истиқболи учун муҳим ишни амалга оширяпмиз, – дейди мукофот соҳибаси.

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+