Янгиликлар 1317
Аёллар, қочсангиз ўлим эмас, ҳаёт томон қочинг!
Дунёдаги давлатларнинг кам қисми аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунларни қабул қилган. Бу борада Ўзбекистон «Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунларни қабул қилган саноқли давлатлар қаторига киради.
Бу қонунлар давлат ва бошқа тегишли ташкилотларни аёллар зўравонлигига қарши курашиш ва уларга барҳам беришга чақиради. Аёлларга нисбатан зўравонлик ва репродуктив ёшидаги аёллар ўлими ҳамда уларнинг меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолишининг муҳим сабаблари кўрсатиб берилди.
Зўравонликнинг ҳар қандай тури инсон ҳуқуқларига қарши жиноятдир ва бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, хотин-қизлар орасида айнан саратонга чалиниш, безгак, юрак-қон томир касалликлари билан оғриш, автотранспорт ҳодисалари энг кўп учрайди.
Мамлакатимизда тазйиққа учраган аёлларга ёрдам бериш, муаммоларига ечим топиш мақсадида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёллар учун реабилитация ва мослаштириш марказлари ташкил қилинган. Зўравонликка дуч келган аёллар учун 1046-рақамли ишонч телефонлари ишлаб турибди.
Сўнгги пайтларда аёллар билан боғлиқ бир неча мудҳиш ҳодисалар рўй бермоқда. Буларнинг бари юртимизда ечилиши лозим бўлган қатор муҳим муаммолар борлигини намоён қилади. Нафақат аёллар, умуман, инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак.
МУАММОЛАР ҲАЛ БЎЛАДИ
2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг зўравонликка учраган аёлларга ёрдам тизимини яратиш, оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олиш ва мудҳиш оқибатларига барҳам беришга қаратилган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор аёлларга нима беради? Энди аёллар билан боғлиқ қандай ўзгаришлар рўй беришига умид қилиш мумкин? Аёлнинг ўз жонига қасд қилишга олиб келадиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олишга қаратилган ишлар, яъни профилактика чора-тадбирлари кучайтирилади: маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар тизими ҳамкорлигида «хавф гуруҳи» аниқланади, тушунтириш, огоҳлантириш ва зарур бўлса, жазолаш чоралари қўлланади.
Зўравонликка учраган аёлга шошилинч ёрдам кўрсатиш ва уни ҳимоя қилиш учун Реабилитация ва Мослашув марказлари очилди: аввал ҳар вилоятда биттадан, кейин эса сони кўпайиб, туманларда ҳам ташкил этилмоқда.
Аёллар "кризис" дамларида (масалан, эрнинг уйидан чиқиб кетиб, отанинг уйига сиғмай қолганида), шу марказлардан паноҳ топишлари мумкин. Уларга маълум муддатга бошпана, озиқ-овқат, мутахассислар (шифокор, психолог ва ҳ.к.) ёрдами берилади, зарур бўлса, Ички ишлар ходимлари чақирилади.
Ҳозирги кунда Наманган (Тўрақўрғон), Сирдарё (Янгиер), Сурхондарё, Хоразм ва Қорақалпоғистонда намунали режимда шундай марказлар очилган. Ушбу марказлар ҳақида ўша ҳудудлардаги аёлларга маълум қилинган (уйма-уй юриб маълумот тарқатилган, баннерлар илинган). Аёллар мурожаат қилишяпти, бошпана топишяпти, муаммолари ҳал бўляпти.
Зўравонликка учраган аёллар мурожаат этиши учун бутун республика бўйлаб ягона ишонч телефони ишга туширилади. Аёллар ягона, қисқа рақам орқали мурожаат қилиб, зўравонлик рўй бераётган дақиқаларда ёки чуқур руҳий тушкунликка, ўз жонига қасд қилар даражада депрессияга тушган пайтларида пичоққа ёки арқонга эмас, телефонга ёпишиб, шу рақамга қўнғироқ қилишлари мумкин.
Жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини шакллантиришга ҳаракат қилинади. Яъни фуқароларни атрофдаги зўравонликларга бефарқ бўлмасликлари, муштумзўр эр, зулмкор қайнона ёки бошқа қариндошларга нисбатан тоқатсиз бўлишлари тарғиб қилинади.
Оилавий ва шахслараро муносабатларда қонунийликни таъминлаш учун ҳам тизимли чоралар амалга оширилмоқда.
Биринчидан, оилавий-маиший зўравонлик нима, деган саволга аниқ таъриф берилади. Эр-хотин муносабатларига учинчи шахсларнинг аралашуви, жисмоний ва руҳий босим ўтказиш, кишини ўз жонига қасд қилиш даражасига олиб келиш каби барча хатти-ҳаракатлар қонунда қамраб олинади ва уларга бериладиган жазолар белгилаб қўйилади.
Оилавий-маиший зўравонликка жазо муқаррарлиги таъминланади: шу мазмунда ваколатли органларга келиб тушган ҳар бир мурожаатлар синчиклаб ўрганилади ва айбдорларга муқаррар жазо берилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги барча муассасалар ҳар бир зўрлик ишлатилган ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларини ва «Оила» марказини зудлик билан хабардор қилиши шарт.
Энди аёл ўзи ва болаларининг жонига қасд қилмаслиги, қийин онларда бошпана ва мадад топиши, айбдорлар эса жазоланишига умид пайдо бўлмоқда. Аёллар, қочсангиз ўлим эмас, ҳаёт томон қочинг! Ҳамма нарсанинг чораси бор, ўлимдан бошқа...
Зўравонликнинг ҳар қандай тури инсон ҳуқуқларига қарши жиноятдир ва бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф этишга доир мунтазам тадбирлар ўтказилмоқда. Унда аёллар зўравонлигига қарши курашишга бағишланган чора-тадбирлар, лойиҳалар ҳақида маълумот бериб келмоқда
Мадина Иброҳимова,
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг