Янгиликлар 1794
“Аёллар ва ёшлар” дафтарлари муаммоларни ҳал этишга хизмат қилмоқда
Маҳаллаларда “Аёллар ва ёшлар” дафтарларининг ташкил этилиши аёллар ва ёшларни йиллар бўйи қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга имконият яратмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Гурлан туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан тумандаги “Янги боғ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”га киритилган хонадонларда бўлиб уларнинг муаммолари, талаб ва таклифлари юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Аниқланишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, уй-жойини таъмирлашга эҳтиёжманд, нотурар жойларда истиқомат қилаётган ва психолог маслаҳатига муҳтож бўлган аёлларнинг 79 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган.
Кредит олиш истагини билдирган ёшлар, руҳий маслаҳатга муҳтож ва ногиронлиги бўлган ёшларнинг 94 нафари “Ёшлар дафтари” рўйҳатидан жой олган.
Гурлан туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ушбу дафтарларга киритилган хотин-қизларнинг яшаш шароитлари ва мавжуд муаммолари “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тизими орқали ўрганилди. “Аёллар дафтари”га киритилган нотурар жойларда истиқомат қилаётган Н.Атажанованинг яшаш шароитларини ўрганиш натижасида вояга етмаган 3 нафар фарзандлари борлиги, турмушдан ажрашганлиги, ҳозирги кунда ишсизлиги ва уй-жойга муҳтожлиги аниқланди. Партиянинг Гурлан туман Кенгаши “Аёллар қаноти” ва туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан билан 2 хонали уй-жой билан таъминланди.
Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган 10 нафар ишсиз хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлашга эришилди, руҳан тушкунликка тушиб қолган аёлларга белгиланган тартибда ёрдамлар кўрсатилди.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 5 нафар қизларга деҳқончилик қилишлари учун ер ажратишга кўмаклашилди, 3 нафар ёшларни бандлигини таъминлашга эришилди ва фуқаро Г.Ўразбаеванинг тикув машинасига муҳтожлиги борлиги тўғрисидаги мурожаати эътиборга олинди. Ёшлар агентлиги туман бўлими билан ҳамкорликда Г.Ўразбаева тикув машинаси билан таъминланди.
“Темир дафтари”га киритилган, А.Гулманованинг яшаш шароити ўрганилганда, унинг уйи ўта таъмирталаблиги билан партия фаолларини эътиборини тортди ва фаолларнинг туман ҳокимлигига қилган мурожаатига асосан, фуқаронинг уй-жойи таъмирлаб берилди.
Шунингдек, “хонадонбай” ўрганиш натижасида фуқаро Ф.Мадаминова ўзининг тикувчилик йўналиши бўйича тадбиркорлигини амалга ошириш истаги борлигини, лекин кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини айтиб мурожаат қилди, фуқаронинг мурожаати бўйича туман ҳокимлиги тадбиркорлик масалалари бўлими билан ҳамкорликда маҳалла тавсияномасига асосан, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун тавсиялар берилди.
Фуқаро З.Давлетова вояга етмаган фарзандлари учун нафақа пулини тайинлаш бўйича қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал қилинди.
Ўрганишлар давомида маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан ҳамкорликда маҳалладаги нуроний онахонлар ҳолидан ҳам хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Нилуфар САЛИМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Гурлан туман Кенгаши “Аёллар қаноти” раиси
Фикрингизни қолдиринг