“Аёллар ва ёшлар ҳафталиги” қандай ўтди?

15.09.2020 15:09:34

“Аёллар ва ёшлар ҳафталиги” деб эълон қилинган ўтган ҳафтада партиянинг Сирдарё вилоят Кенгаши ва депутатлар ташаббуси билан турли мавзуларда тадбирлар ташкил этилди. Хусусан,

Душанба: Ўзбекистон “Адолат“ СДП Янгиер шаҳар Кенгаши “Саломатлигимиз ўз қўлимизда” хештеги остида, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Янгиер шаҳар бўлими ҳамда  Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамкорлигида  футбол мусобақаси ўтказди. Шаҳардаги 8 та маҳалладан 16 ёшгача бўлган ёшлар жалб қилиниб, уларнинг  бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган футбол мусобақасида  депутатлар ҳам иштирок этишди.  Уч соат давом этган муросасиз бахсларда  “Наврўзобод” ва Абдураҳмон Жомий маҳалласидан қатнашган ёш футболчилар жамоаси ғалабага эришди. Ғолибларга эса “Адолат” СДПнинг эсдалик совғалари топширилди.

Сешанба:    Ўзбекистон “Адолат“ СДП Оқолтин туман  Кенгаши “Хотин-қизлар саломатлигига масъулмиз!” шиори остида карантин талабларига амал қилган ҳолда патронаж ҳамширалар учун мулоқот соати ўтказилди. Пандемия даврида аҳоли, хусусан болалар, аёллар ва ўсмир ёшдаги қизлар саломатлигига бефарқ бўлмаслик борасида  халқ депутатлари Оқолтин туман Кенгаши депутати Жаҳонгир Каримов сўз юритиб, дезинфекция тадбирларига қўшимча равишда патронаж ҳамширалари ҳам уйма-уй юришлари мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Ҳудуддаги аҳолига бириктирилган патронажлар фаолиятида юзага келаётган масалалар ҳам депутатнинг мурожаатлар дафтаридан ўрин олди.

Чоршанба:  Ўзбекистон “Адолат” СДП Мирзаобод туман  Кенгаши ва депутатлик гуруҳи томонидан “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида амалий мулоқотлар  ўтказилди. Мурожаатлар эшитилгач туман Кенгаши депутати Дилдора Холиқова томонидан ёлғиз она сифатида рўйхатда турувчи Маҳфуза Абдураззоқованинг мурожаати ижобий хал этилди. Яъни унинг фарзанди тумандаги  мактабгача таълим ташкилотига навбатсиз равишда жойлаштирилди. Эндиликда ёлғиз она давлат томонидан берилаётган моддий ёрдамга қараб қолмайдиган ва ўзи ҳам иш билан банд бўладиган бўлди. Бунда унга партиянинг Мирзаобод туман Кенгашидаги Аёллар қаноти  аъзолари амалий ёрдам берадиган бўлди.

Шу куни партиянинг Мирзаобод  туман Кенгашига ташриф буюрган партиянинг Аёллар қаноти  етакчилари  ҳудуддаги “Ҳақиқат” маҳалласида ҳам мулоқот тадбирларини ўтказишди. Яъни, Сардоба талофати сабаб жабр кўрган  аҳолига яратилаётган  шароитлар билан танишишди. Уйма-уй юриб, аҳоли ўртасида шукроналик ҳиссини шакллантириш мақсадида ўтказилган суҳбатларда асосий мавзу маҳалладаги аёллар ва ёшларга янги иш ўринларини яратиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўлди.  

Пайшанба:  Ўзбекистон “Адолат“ СДП Гулистон  шаҳар Кенгаши  раиси Дилдора Тожибоева ташаббуси билан пандемия даврида фарзандларига онлайн таълим олаётган уй бекалари ва партиянинг фаол аёлларининг хонадонига ташриф буюрилди. Партия аъзолигига қабул қилинган хотин-қизлар ва уй бекаларига партиянинг Аёллар қаноти томонидан илгари сурилаётган ғоя ва мақсадлар тушунтирилиб, лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди. “Партия патронажи” лойиҳаси доирасидаги мазкур ташрифларда аъзолик гувоҳномалари ҳам топширилди.

Жума:  Ўзбекистон “Адолат“ СДП Янгиер шаҳар Кенгашида ташкил этилган навбатдаги “Адолат қабулхонаси”да ёшлар ва аёлларнинг мурожаатлари эшитилди. Карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ўтказилган қабул жараёнида ўттизга яқин ёшлар ва аёлларнинг мурожаатлари  ўрганиб чиқилди. Хусусан, Янгиер шаҳар "Наврўзобод" маҳалласи Ором кўчаси 23-уйда яшовчи 1972-йилда туғилган Лутфинисо Қосимовани қабул қилди. Мурожаатчи Л.Қосимованинг 2 нафар ўғли бор, иккаласи ҳам болаликдан ногирон, улар бугун ёрдамга муҳтож. 1997-йилда туғилган 1-гуруҳ ногиронлиги бор Омонов Рахматилла ва 2002-йилда туғилган 2-гуруҳ ногиронлиги бор Омонов Рўзибек болаликдан ногирон бўлиб, яшаш шароитлари ёмон, уларни уй муаммоси, йиллар давомида қилган мурожаатлари қониқарли бўлмаганлиги сабабли адолат излаб мурожаат қилган. Мазкур мурожаат тегишлилиги бўйича партия ташкилотининг тавсияси билан Янгиер шаҳар ҳокимлигига юборилди.

Шанба: Ўзбекистон “Адолат“ СДП Оқолтин  туман  Кенгаши томонидан  Аёллар қаноти сафини ошириш борасида корхона ва ташкилотларда “Адолат йўлида бирлашайлик!” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Унда партиянинг туман Кенгашидаги фаол аёллар ўз  сафини кенгайтириш мақсадида  тумандаги мактабгача таълим бўлимига бориб, хотин-қизларни партияга аъзо бўлишга чорлади. Натижада йигирма нафар хотин-қизлардан аризалар олиниб, партияга аъзо бўлиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тайёрланди. Ташрифнинг эртаси куниёқ  амалдаги қоидаларга биноан партияга аъзолик гувоҳномлари топширилди.

Партия Сирдарё вилоят Кенгашининг бу ҳафталик иш режасидан эса туман ва шаҳар Кенгашларидаги Аёллар қаноти фаолиятини жонлантириш мақсадида “Адолатли қайнона” кўрик танловини маҳаллалар кесимида ўтказиш масаласи ўрин олган. Бу энди келгуси мақоламизга мавзу бўлиши аниқ.  

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+