"Аёлларга кўмак" акцияси – Пастдарғомда

17.12.2020 15:12:07

 

Мамлакатимизда доимо хотин-қизларга катта эътибор қаратилган. Жамиятимизнинг турли соҳаларида уларнинг фаол иштирок этишлари учун шарт-шароитларни яратиш муҳим аҳамият касб этган. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият бошқарувидаги ролини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш масаласида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия даврида бу борадаги ишлар самарасига ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 8 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари” муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини янада ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш бугунги олдимизда турган энг долзарб вазифаларимиздан бири эканлигини қайд этилди. Президентимиз томонидан ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида ёрдамга мухтож бўлган “ёшлар рўйхати” ва “аёллар рўйхати”ни шакллантириш вазифаси юклатилди. Бу тузиладиган аёллар ва ёшлар рўйхати ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар қамраб олиниши белгилаб берилди.

Айниқса, ёшлар ва аёллар рўйхатларини тузишда нодавлат нотижорат ташкилотлар имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш лозимлиги Президент нутқида қайд этилганлиги, биз депутатлар ва партия фаоллари олдига юксак масъулият борлигини англатади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Пастдарғом туман кенгаши ва бир қатор  ташкилотлар билан ҳамкорликда Пастдарғом туманидаги 32-сон мусиқа мактаби биноси фаоллар залида аёллар учун “Аёлларга кўмак” акцияси ташкил этилди. Ушбу лойиҳа доирасида оилалар ажримларининг олдини олиш, хотин-қизларимизнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ишсизликни қисқартириш, рухий-психологик ёрдамлар уюштириш, тиббий-кўриклар ўтказиш ва бошқа шу каби амалий ишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан партиянинг вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор, яратилаётган имкониятлар, тадбиркорликларининг йўналишлари, имтиёзли кредитлар хусусида сўз юритар экан, албатта яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган хотин-қизлар оилаларининг иқтисодий аҳволини яхшилашлари, фарзандлари учун муносиб турмуш шароитини яратишлари мумкинлигини таъкидлади.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан қишлоқ жойларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ҳар битта оила учун муносиб турмуш шароитини яратиш сингари вазифаларни ҳал этишда “Адолат”чилар ташаббускор бўлиб келаётгани эътироф этиб ўтилди. Хусусан, Гулмира Бобоева, Гулбека Қучқорова, Замира Қодирова, Зоҳида Элмуродова,  Фароғат Шарипова, Нилуфар Акрамова каби фаол, ташаббускор, тадбиркор сафдошларимиз ташаббуси билан ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, оилаларга моддий ёрдамлар ажратилишида самарали ишлар олиб борилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Биргина партиянинг “Аёллар қаноти” раиси Гулмира Бобоеванинг ташаббуси билан “Зайнаб Гулмира Фотима Чеварлар” сифатли кийим кечаклар ишлаб-чиқариш ва етказиб бериш орқали аҳолига хизмат кўрсатадиган оилавий тикувчилик корхонаси фаолиятини йўлга қўйилиб, Пастдарғом туманидаги “Хончорбоғ” маҳалласида истиқомат қилаётган 23 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, шуниси аҳамиятлики, Г.Бобоева ногиронлиги бўлган 2 нафар, муддатли жазони ўтаб чиққан 3 нафар хотин қизларни бандлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек,  “Аёллар қаноти” вилоят Кенгаши ташаббуси билан 33 йилдан буён ҳеч бир ҳужжатсиз яшаб келаётган фуқаро Р.Буриевага туғилганлик гувоҳномаси олишга кўмаклашилди. Айни пайтда фуқарога паспорт ва никоҳ гувоҳномасини тўғрилаш учун амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Хонбуви ХАЙИТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Пастдарғом туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+