Аёлларнинг тиббий саводхонлиги масаласи кўтарилди

24.07.2021 12:07:36

 

“Адолат” СДП Қуйи Чирчиқ тумани Кенгаши ташаббуси билан  Қуйи Чирчиқ туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорликда “Ойдинобод” МФЙда партиянинг “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” лойиҳаси доирасида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг устувор вазифалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда партиянинг “Аёллар қаноти”, “Адолатнинг фаол адолатчи аёллар клуби” аъзолари  ҳамда фаоллар  иштирок этди.

Тадбирда  партиянинг туман “Аёллар қаноти”  Кенгаши раиси, “Адолатнинг фаол адолатчи аёллар клуби” аъзоси Салима Қурбонова “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори мазмун-моҳияти ва олдинда турган устувор вазифалар тўғрисида маъруза қилди.

Шунингдек, йиғилишда  сўзга чиққан  Халқ депутатлари Қуйи Чирчиқ  туман Кенгаши  депутати, туман юқумли касалликлар шифохонаси мудири Эрувбай Усманов  жойларда хотин-қизлар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш, нафақат аёлнинг ўзи, балки оила аъзолари билан бир вақтда тиббий кўриклардан ўтиб бориш ҳамда коронавирусга қарши ягона  восита – бу  вакцинация эканлигини  таъкидлади. Шу билан бирга,  ҳар бир оилавий поликлиникаларда хотин-қизлар саломатлигини назорат қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш мақсадида “Аёллар маслаҳатхоналари”нинг ташкил этилганлиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида ҳам бу борада амалий ишлар олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

Йиғилишда опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш борасида йиғилиб қолган муаммолар ҳам очиқ-ойдин ўртага ташланди.

Айтиш жоизки, маҳаллада “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик, паррандачилик ва экин майдонларидан ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш тизими жорий этилгани ҳар бир аёл, ҳар бир она, ҳар бир хотин-қизнинг қалбида чуқур миннатдорлик ва эртанги фаровон ҳаётга ишонч туйғуларини уйғотиши шубҳасиз, албатта.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+